18:39 / 08.09.2024
72

Профессор Исломбек Ниёзметов: “Ўзбекистонда солиқлар 100 фоиз адолатсиз”

Профессор Исломбек Ниёзметов: “Ўзбекистонда солиқлар 100 фоиз адолатсиз”
Исломбек Ниёзметов
Фото: “Ватандош TV”

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Исломбек Ниёзметов YouTube’даги “Ватандош TV” каналига берган интервьюсида Ўзбекистон солиқ тизими тўғрисида фикр билдирди.

Исломбек Ниёзметов суҳбатда дастлаб, 2019 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодекси бўйича мулоҳазаларини айтди.

Кодекс қабул қилиниши арафасида жуда кўп инстанциясида қатнашдим. Сенатга борган пайтда ‘бу ҳужжатни қабул қилманглар, у хом’, дедик. Бизни эшитишни ҳам хоҳлашмади. Кодекс Молия вазирлиги масъуллари тақдимоти билан ‘ура-ура’ қилиб, ўтказиб юборилди. Бизни мажлисга номига чақиришган экан. Давлат бюджети даромадларини шакллантирадиган, бутун мамлакатда солиқ сиёсати тақдирини белгилаб берадиган ҳужжат хом ҳолда қабул қилинди. Шунинг учун ҳам ўтган 4,5 йил ичида Солиқ кодексига 3 мингтага яқин ўзгартиришлар киритилди”, деди мутахассис.

Суҳбатда Исломбек Ниёзметов “Ўзбекистонда солиқлар 100 фоиз адолатсиз”, деди ва бунга сабаблар етарли эканини таъкидлади.

Адолат мезонлари бўлади. Биринчи навбатда горизонтал адолат деган тушунча мавжуд. У давлатнинг солиқ ундируви жамиятнинг барча аъзоларига етиб бориши кераклигини англатади. Лекин бу барча солиқ тўлаб ташлайди, дегани эмас. Иккинчи мезони — вертикал адолат. Жамият аъзолари давлатнинг ижтимоий хизматлари — миллий хавфсизлик, суд–ҳуқуқ тартиботи ва бошқаларни истеъмол қиляптими, ҳамма ўзининг имкониятидан келиб чиқиб солиқ тўлаши керак. Бунда жамият аъзолари олаётган даромадлари, эгалигидаги мулклари ва бошқа имкониятларидан келиб чиққан ҳолда солиқни кўп ёки кам тўлаши лозим”, иқтисодчи.

Профессор фикрини давом эттирар экан, солиқ тизимида адолатни таъминлаш учун мамлакатда камбағаллик чегараси бўлиши кераклигини айтди.

Агар давлат ўз конституциясида ‘мен ижтимоий давлатман’, деб ёзиб қўйган бўлса, камбағалга солиқ солишга ҳақли эмас. Янгиланган Конституциянинг 163-моддасига ‘солиқлар нафақат тўланиши, балки улар адолатли бўлиши керак’, дея қўшимча киритдик. Энди айтяпмизки: ‘Ўзбекистонда тан олинган яширин иқтисодиёт 50 фоиз, яъни иқтисодиётнинг ярми солиққа тортилмаяпти’. Ўзбекистон иқтисодиётида банд аҳолининг 57 фоизи норасмий ишлайди. Бу дегани ижтимоий ва даромад солиқлари каби тўғри солиқлар аҳолининг шунча қисмига, яъни ярмидан кўпроғига етиб бормаган. Тўғри, улар қўшилган қиймат солиғи, акциз каби билвосита солиқларни тўлаши мумкин, лекин ҳамма қатори тўғри солиқларни тўламаяпти. Демак, горизонтал адолат таъминланмаган.

Энди вертикал адолат масаласига тўхталсак. Биз расмий даромад олган кимса бор эканки ундан солиқ оламиз. Мисол учун, фаррош 1 миллион 40 минг сўм ойлик олади. Шу пулдан солиқ чиқариб ташласангиз, 925 минг сўм қолади. Яъни кам ойлик олаётган фаррошга ҳам солиқ соламиз.

Камбағалликни қисқартириш вазирлиги бор, лекин камбағалликни чегараси йўқ. Ана у нарса ёлғон, 674 минг сўм... (минимал истеъмол харажатлари–таҳр). Методикаси нотўғри. Нега солиқлар 100 фоиз адолатсиз деяпман? Чунки горизонтал адолат таъминланмаган, яъни жамиятнинг ярмидан кўпига солиқ етиб бормаган. Вертикал адолат ҳам таъминланмаган
”, дейди олим.

Исломбек Ниёзметов Ўзбекистонда дунёнинг 12 та давлатида амал қиладиган flat-rate tах, яъни бир ставкали солиқ тизими ишлаётганини таъкидлади. Профессор фикрича, мазкур тизимнинг ўзи вертикал адолатни чиппакка чиқаради. Сабаби бу тизимда қанча даромад олинса ҳам бир хил фоизда солиқ тўлаш керак бўлади.

Вертикал адолат таъминланиши учун биринчи навбатда камбағаллик чегараси аниқланиб, камбағал қатламга даромад солиғи солинмаслиги керак. Бу мулкка ҳам тааллуқли бўлиши зарур. Айтайлик, 10 минг долларгача қийматдаги мулкка камбағалнинг мулки деб қаралсин. Шунча эквивалентдаги сўм қийматига нол фоиз, яъни мулкка ҳам, даромадга ҳам худди шундай бўлсин. Ундан тепасига ўртаҳол қатлам учун алоҳида ставка белгилансин. Прогрессив механизм деган тушунча бор. Яъни даромад, мулк ёки бошқа актив қийматининг ошиб бориши билан солиқ ставкаси ҳам ўсиши керак. Бу жуда чуқур масала. Мана шундай мезонларга, талабларга жавоб бермаган тизим ўз–ўзидан адолатсиз дейилади”, дея хулоса қилди мутахассис.

Аввалроқ парламент йиғилишида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 2024 йил I чорагида Ўзбекистонда билвосита солиқлар тушуми камайганини айтганди. Қайд этилишича, бу газ ишлаб чиқариш ҳажми камайиб, импорт кўпайиши билан боғлиқ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Профессор Исломбек Ниёзметов: “Ўзбекистонда солиқлар 100 фоиз адолатсиз”