
Numbeo маълумотларига кўра, Ўзбекистонда тўрт кишилик оиланинг бир ойлик ҳаёт кечириши учун, уй ижарасини ҳисобга олмаган ҳолда, тахминан 21 миллион сўм талаб этилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, бир киши учун ойлик эҳтиёжлар ижара ҳақисиз 5,6 миллион сўм атрофида баҳоланган. Бу кўрсаткич Марказий Осиё миқёсида ҳам анча юқори ҳисобланади.
Оилавий бюджетнинг катта қисми — қарийб 30 фоизи — озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланмоқда. Бу эса Ўзбекистонда егулик маҳсулотлари минтақадаги энг қиммат харажат турларидан бирига айланганини англатади.
МДҲ мамлакатларида ҳам асосий харажатлар уй-жой ва озиқ-овқатга тўғри келмоқда. Кийим-кечак, транспорт, спорт ва дам олиш учун ажратиладиган маблағ нисбатан камлигича қолмоқда — бу эса аҳолининг асосан зарур эҳтиёжларни қондириш билан чекланишини кўрсатади.
Марказий Осиё бўйича таққослаш шундай манзарани кўрсатмоқда: Тожикистонда оилавий харажатларнинг 37,1 фоизи, Туркманистонда — 35,1 фоизи, Ўзбекистонда — 30 фоизи, Қозоғистонда — 29,6 фоизи, Қирғизистонда эса 28,5 фоизи озиқ-овқат учун сарфланади.
Яъни, минтақадаги кўплаб оилалар учун озиқ-овқат ва уй-жой масаласи асосий молиявий юк бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!