21:56 / 03.03.2025
171

Камбағалликни қисқартиришда Ҳиндистон тажрибаси: муқобил йўл топилди

Камбағалликни қисқартиришда Ҳиндистон тажрибаси: муқобил йўл топилди
Қишлоқ хўжалиги камбағалликни қисқартира олиши исботланди. / Álvaro Bernis
Иқтисодчилар узоқ йиллар давомида камбағалликни қисқартириш учун биринчи навбатда жадал саноатлашув керак, деб ҳисоблаб келишган. Бунда камбағал аҳоли завод-фабрикаларга ишга жойлашиб, топиш-тутиши яхшиланиши кўзда тутилган. Лекин Ҳиндистон тажрибаси бундай қарашни инкор қиляпти.

Иқтисодчилар Суржит Бҳалла ва Каран Басин томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, 2024-2025 йиллардаги сўровномалар натижалари шуни кўрсатадики, Ҳиндистонда халқаро камбағаллик чегараси – куниga $2,15 (харид қобилияти паритети бўйича) даражасидан паст яшовчи аҳолининг улуши атиги 1 фоизни ташкил қилади. Бу эса 1990-йиллардаги ҳолатдан кескин фарқ қилади, ўша пайтда аҳолининг деярли 50 фоизи камбағаллик чизиғидан пастда эди.

Энг ажабланарли жиҳати шундаки, Ҳиндистон бу натижага аҳолининг 40 фоизи ҳали ҳам қишлоқ хўжалигида банд бўлишига қарамай эришган.

Хитойдаги каби саноатлашув билан солиштирганда, Ҳиндистон ўз аҳолисини фабрикаларга жалб қилиш ўрнига, қишлоқда туриб ҳам даромадини оширишига замин яратди. Яъни, деҳқончиликни яхшилаш, қишлоқда иш ҳақларини ошириш ва давлат томонидан амалга оширилган қўллаб-қувватлаш дастурлари миллионлаб одамларни камбағалликдан чиқарди.

Сан-Диегодаги Калифорния университети тадқиқотчилари олиб борган таҳлил шуни кўрсатдики, Хитойда қашшоқликдан чиқиб кетганларнинг 37 фоизи қишлоқ хўжалигидан саноат ёки хизмат кўрсатиш соҳаларига ўтган бўлса, Ҳиндистонда бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил қилади. Бу эса шундан далолат беради: қишлоқда туриб ҳам иқтисодий тараққиётга эришиш мумкин экан.

Шунингдек, иқтисодчилар Ҳиндистонда янги камбағаллик мезонлари жорий этилиши кераклигини таъкидламоқда. Ҳозирги халқаро камбағаллик чегараси ($2,15) деярли барчани қамраб олгани учун, бундан кейинги ривожланишни тўғри баҳолаш қийин бўлади. Шу сабабли, тадқиқотчилар аҳолининг даромадлари бўйича энг қуйи қатламдаги 25-30 фоизини қамраб олувчи камбағалликнинг янги чегараси аниқлашни таклиф қилмоқда.

Чунки ҳар қанча даромад ошгани билан, кўпчилик ҳали ҳам молиявий беқарорлик муаммосига дуч келмоқда. Масалан, тиббий хизмат харажатлари, таълим учун сарфланадиган маблағ ёки уй-жой сотиб олиш харажатлари кўпчилик учун оғирлик қилади.

Ҳиндистон тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодий тараққиётнинг ягона тўғри йўли йўқ. Бу пайтгача саноатлашув ва миграция асосий восита сифатида кўрилган бўлса, эндиликда қишлоқдаги иқтисодий ўсиш ҳам самарали бўлиши мумкинлиги ойдинлашди. Ҳиндистонда миллионлаб одамлар қишлоқда қолган ҳолда камбағалликдан чиқишга муваффақ бўлди.

Бу эса бошқа ривожланаётган давлатлар учун катта ибрат бўлиши мумкин. Камбағалликка қарши курашда фақат заводлар қуриш эмас, балки мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳам муҳим экани тасдиқланмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт