
Евроосиё Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) Форс кўрфази мамлакатларидан инвесторларни Марказий Осиё лойиҳаларига жалб қилиш мақсадида махсус платформа ташкил этмоқда. Бу ҳақда Kursiv Uzbekistan нашри маълум қилди.
Платформа орқали логистика ва сув ресурслари соҳасидаги лойиҳаларга инвестициялар жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, ЕТТБ мутахассисларига кўра, Форс кўрфази давлатлари қишлоқ хўжалиги ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларига ҳам катта қизиқиш билдиришлари мумкин.
Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатларида исломий молиялаштириш ривожланмоқда. Прогнозларга кўра, 2033-йилга бориб, бу бозор ҳажми 6,3 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун ЕТТБ Абу-Дабидаги ADGM молиявий марказида ўз ваколатхонасини очди. Янги платформа Форс Кўрфаз Ҳамкорлик Кенгаши (GCC) давлатлари инвесторларига Марказий Осиё учун тайёр инвестиция ечимларини тақдим қилади.
Бу жараёнда банкнинг таҳлилий ва амалий тажрибаси асос қилиб олинади. "Биз Форс кўрфази капитали ва Марказий Осиёдаги имкониятлар ўртасида 'инвестицион автомагистраль' яратмоқдамиз.
Абу-Дабидаги янги идорамиз минтақалар ўртасидаги боғловчи кўприк сифатида бизнинг ролимизни янада мустаҳкамлайди, чунки биз минтақавий эксперт ва аниқ молиявий воситаларни бирлаштирамиз", — деди ЕТТБ бошқарув раиси Николай Подгузов. Платформа доирасида Марказий Осиёдаги инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун кредит фонди очилади.
Унда ADGMнинг тартибга солишдаги афзалликларидан фойдаланилиб, Яқин Шарқ ва халқаро инвесторлар учун минтақага хавфсиз ва қулай инвестиция механизмлари яратилади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.