date

Солиқ қўмитаси раҳбари ўринбосари Мирзаев лавозимидан олинди

Солиқ қўмитаси раҳбари ўринбосари Мирзаев лавозимидан олинди

Давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда Тошкент шаҳрида солиқ интизомини таъминлаш борасидаги жиддий муаммолар яна бир бор танқид остига олинди. Айниқса, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси томонидан “Чорсу” бозорида тўлов интизоми суст йўлга қўйилгани, “Малика” савдо мажмуасидаги вазият эса янада оғир экани қайд этилди.

Маълум бўлишича, “Малика” савдо комплексида фаолият юритаётган қарийб 1,5 минг тадбиркордан атиги 25 фоизи белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган. Бундан ташқари, уларнинг чорак қисми ойига 1 миллион сўмдан кам миқдорда солиқ тўламоқда. 2025 йил декабрь ойида пластик карталар орқали амалга оширилган 600 миллиард сўмлик савдо тушумлари яширилгани аниқланган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бюджет режасини асосан ҳалол ишлаётган ва фаол тадбиркорлардан ортиқча тўлов ундириш ҳисобига бажараётгани танқид қилинди. Хусусан, 46,4 мингта корхонадан жами 876 миллиард сўм миқдорида асоссиз ортиқча солиқ ундириб олингани кўрсатиб ўтилди.

Солиқ қўмитаси тизимида қўшилган қиймат солиғи бўйича сунъий равишда ортиқча тўлов шакллантириб, уни давлат бюджетидан ноқонуний қайтариш ҳолатлари кўпайгани ҳам алоҳида қайд этилди. Ўтган йил давомида ҚҚСни ноқонуний қайтариш билан боғлиқ 20 нафар солиқ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур йўналишга масъул бўлган, етти йилдан буён фаолият юритиб келган Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлиги кескин танқид қилинди. Йиғилиш якунида у эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Х. Муллажонов ҳамда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Й. Насимджановни ишдан олиш, уларнинг фаолиятини чуқур ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Солиқ қўмитаси раисига пойтахтдаги барча туман солиқ инспекциялари раҳбарларини лавозимидан озод этиб, вақтинча вазифасини бажарувчиларни тайинлаш топширилди.

Қўмита раиси Ф. Пўлатов ва янги тайинланган комплаенс бўйича ўринбосар А. Солиевга коррупцияга мутлақо муросасиз муҳит яратиш, Тошкент шаҳар солиқ тизими раҳбарларининг лавозимга муносиблигини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг ўрнини ватанпарвар, ташаббускор ва шижоатли ёшлар билан тўлдириш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. Ғаниев “тадбиркор”ларга солиқдан қочишда кўмаклашиб келгани учун зудлик билан ишдан олиниши белгиланди.

А. Солиев ва Тошкент шаҳар ҳокимига комплаенс бўйича ўринбосар этиб тайинланган М. Мирҳамидов пойтахтда яширин иқтисодиётга қарши қатъий ва муросасиз муҳитни шакллантириш учун масъул этиб белгиланди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Солиқ қўмитаси раҳбари ўринбосари Мирзаев лавозимидан олинди