Ўзбекистонда 5 граммли олтин қуйма нархи 10 миллион сўмга етди

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи яна тарихий максимумни янгилади: Марказий банк маълумотларига кўра, 5 граммли қуйма 10 миллион сўмга чиқди.
Январ ойининг иккинчи ярмидан бери нархлар изчил ўсишда давом этмоқда. 12 январда 5 граммли қуйма илк бор 9 миллион сўмдан ошган бўлса, орадан икки ҳафта ўтиб янги психологик маррадан ҳам ўтди. Регулятор охирги икки кун ичида кетма-кет иккинчи рекорд қайд этилганини билдирди.
Марказий банкнинг амалдаги котировкаларига кўра, бугун 5 граммли қуйма 10 миллион сўм, 100 граммли қуйма эса 203,7 миллион сўмдан юқори баҳоланмоқда.
Регулятор олтин нархи жаҳон бозоридаги кескин тебранишлар сабаб иш куни давомида ҳам ўзгариши мумкинлигини эслатди. Шунингдек, қайта сотиб олиш нархлари ҳам эълон қилинади — улар қадоқ ҳолати ва қуйманинг техник талабларга мослигига қараб фарқланади.
Мамлакатдаги қимматлашув глобал бозорлардаги вазият билан ҳамоҳанг. 26 январда троя унсияси нархи тарихда илк бор 5 минг доллардан ошди. Бу 2025 йил давомида металлнинг 60%дан кўпроқ қимматлагани фонида кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилоятида Афғонистондан импорт қилинадиган олтин хомашёсини қайта ишлаш лойиҳаси ишга туширилган. Дастлабки босқичда 2,9 миллион долларга баҳоланган 20 килограмм олтин хомашёси йўналтирилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!