
Президент Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни капитал бозорини янада чуқур ривожлантириш ҳамда банк соҳасида халқаро стандартларни жадал жорий этишга қаратилган тақдимот билан танишди. Унда мамлакат молия тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уни очиқ, барқарор ва инвестициялар учун жозибадор қилиш масалалари кенг қамровда муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, айни пайтда муомаладаги қимматли қоғозларнинг умумий бозор қиймати 275 триллион сўмни ташкил этмоқда. Биржада эркин муомалада бўлган қимматли қоғозлар ҳажми эса 4 триллион сўмга етган. Бугунги кунда капитал бозорида 717 та эмитент ва 77 та профессионал иштирокчи фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, соҳанинг капиталлашув даражаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан атиги 20 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткич жаҳон стандартларидан анча паст экани қайд этилди. Бу эса бозорда ҳали тўлиқ ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
Шу муносабат билан маҳаллий капитал бозорига камида 1 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида халқаро стандартлар асосида қимматли қоғозларни жойлаштириш — “дуал листинг” амалиётини жорий этиш таклиф қилинди. Шунингдек, валюта облигациялари, глобал депозитар тилхатлар, хорижий қимматли қоғозлар ва биржа инвестиция фондлари каби янги молиявий инструментларни бозорга киритиш режалари илгари сурилди.
Тақдимотда “тартибга солиш қумдони” деб аталадиган махсус ҳуқуқий режимни кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу механизм доирасида қумдон шартларини нафақат норезидентлар, балки резидентлар учун ҳам қўллаш, хорижий инвесторлар учун уни муддатсиз амал қилувчи тартиб сифатида белгилаш, шунингдек, чет эл компанияларининг акциялари ва облигациялари билан расмий савдо қилишга рухсат бериш таклиф этилди. Бу қадам хорижий қимматли қоғозларнинг норасмий айланмасини қисқартиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Маҳаллий инвесторларни капитал бозорига кенг жалб этиш бўйича ҳам қатор таклифлар муҳокама қилинди. Жумладан, маҳаллий компаниялар ва банкларга Тошкент фонд биржасида хорижий валютада облигациялар чиқаришга рухсат бериш орқали ташқи бозорга чиқмасдан туриб валюта ресурсларини жалб қилиш имкониятлари яратилиши белгиланди. Шу билан бирга, эмитентларга ўз капитали ҳажмидан юқори, таъминотсиз облигациялар чиқариш имкониятини бериш орқали облигациялар бозорини янада кенгайтириш мумкинлиги қайд этилди.
Капитал бозорида назорат ва тартибга солиш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Миллий қонунчиликни Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти талабларига мослаштириш, регулятор ваколатларини кучайтириш ҳамда профессионал иштирокчилар учун устав капиталига қўйиладиган талабларни босқичма-босқич ошириш режалари тақдим этилди.
Банк соҳасидаги ислоҳотларга тўхталар экан, сўнгги етти йилда тижорат банклари активлари 5,3 баробар ўсиб, 877 триллион сўмдан ошгани таъкидланди. Мамлакатда фаолият юритаётган банклар сони 35 тага етди, 2017 йилдан буён эса 3 та хорижий банк Ўзбекистон бозорига кириб келди.
Шунингдек, Ўзбекистон илк бор Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Молиявий секторни баҳолаш дастурида иштирок этди. Ушбу жараёнда банк назорати, рискларни бошқариш, тўлов тизимлари, макропруденциал сиёсат ва инқирозларга қарши бошқарув каби муҳим йўналишлар чуқур таҳлил қилинди.
Баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, келгуси йилда мамлакат молия секторини Базель қўмитасининг самарали банк назорати бўйича 29 та асосий тамойилига тўлиқ мослаштириш режалаштирилган. Бу мақсадда барча тижорат банкларида молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритиш, Базель III талабларини жорий этиш ҳамда Ҳукумат ва Марказий банк иштирокида Молиявий барқарорлик кенгашини ташкил этиш вазифалари белгиланди.
Давлат раҳбари капитал бозори ва банк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётни барқарор молиялаштириш, хусусий сектор улушини ошириш ҳамда халқаро сармояларни фаол жалб этишда ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу муносабат билан мутасаддиларга белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.