Марказий банк савдогарлар ва журналистлар даромади ошишига энг кўп ишонмоқда

Ўзбекистонда савдо ва ОАВ соҳасида ишловчилар ўз даромадлари яқин бир йил ичида ошишига бошқаларга қараганда кўпроқ ишонмоқда. Марказий банкнинг 2025 йил учинчи чораги бўйича ўтказган сўровига кўра, сотувчилар ва журналистлар орасида респондентларнинг 81 фоизи маош ва тушумлар кўпайишини кутмоқда. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ҳисоботда бундай юқори кайфият ички савдо ҳажмининг кенгайиши, шунингдек рақамли технологиялар ҳамда медиа бозорининг ривожланиши билан изоҳланади. Бошқа йўналишларда ҳам ижобий кутилмалар бор, бироқ кўрсаткичлар нисбатан паст: коммунал ва маиший хизматларда даромад ўсишини 73 фоиз, туризм ва ресторан бизнесида 72 фоиз, таълим соҳасида эса 70 фоиз иштирокчи кутмоқда.
Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва давлат бошқаруви йўналишларида ишонч даражаси 66–69 фоиз атрофида сақланиб турибди. Энг эҳтиёткор қарашлар транспорт ҳамда банк тизими ходимларида кузатилган — бу соҳаларда даромад ўсишини тахминан 63 фоиз респондент кутмоқда. Умуман олганда, мамлакат аҳолисининг қарийб учдан икки қисми келгуси даврда даромадлари ошишига ишонади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!