Халқаро стандартларни жорий этган аграр корхоналар 3,8 млрд сўм давлат кўмагини олди

2025 йилда халқаро стандартларни амалиётга татбиқ этган 48 та агро ва озиқ-овқат корхонаси давлат томонидан жами 3,8 млрд сўм миқдорида қўллаб-қувватланди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутатлари олдидаги чиқишида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, ўтган йил якунига кўра Ўзбекистонда халқаро сифат сертификатларига эга корхоналар сони 2 мингтага етган. 2022–2024 йиллар оралиғида мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб икки баробар ошиб, 76,5 трлн сўмдан 133 трлн сўмгача кўпайган. Шу даврда сабзавот ва мева маҳсулотларини қайта ишлаш кўрсаткичи 2,5 баробар ўсган.
Абдураҳмонов 2025 йилда Ўзбекистон аграр маҳсулотларини 95 та давлатга етказиб берганини ҳам таъкидлади. Асосий харидорлар қаторидан Россия, Афғонистон, Қозоғистон, Покистон ва Хитой тилга олинди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш доирасида 2025–2026 йилларга жами 10,4 трлн сўмлик 673 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. Ҳозирга қадар 429 та янги ишлаб чиқариш ишга туширилиб, уларда 6,4 мингта иш ўрни яратилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!