Марказий банк: 2026 йилда Ўзбекистон экспорти 16 фоизгача ошади

Марказий банк ҳисоботига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон экспорти 2025 йилга нисбатан 14–16 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Регулятор бундай ижобий динамика омиллари сифатида республиканинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ҳамда ҳамкор мамлакатларда иқтисодий ўсиш тезлашишини қайд этган. Хусусан, келгуси йилда Хитой ЯИМи 4,2 фоизга, Россия иқтисодиёти 1 фоизга, Қозоғистон ЯИМи эса 3,7 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон ташқи бозорга чиқарадиган хомашё, жумладан олтин бўйича жаҳон нархлари юзасидан ижобий кутилмалар сақланмоқда. Сўнгги бир йил ичида глобал савдо сиёсатидаги ўзгаришлар ва геосиёсий ноаниқлик фонида қимматбаҳо металл қиймати қарийб 60 фоизга ошиб, троя унсияси 4 минг доллардан юқори даражага чиққан. Марказий банк бу ўсиш 2026 йилда ҳам давом этишини кутмоқда.
Регулятор баҳосига кўра, келгуси йилда мис ва кумуш нархлари ҳам барқарор ўсиш трендини сақлаб қолади. 2025 йил бошидан буён мис нархи 64 фоизга, кумуш эса 21 фоизга қимматлашган.
Прогнозда экспортнинг асосий драйверлари сифатида туризм, IT, транспорт ҳамда логистика соҳалари тилга олинган. Шу билан бирга, импорт 2026 йилда 14–16 фоизга кўпайиши, пул ўтказмалари эса 12–15 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Марказий банк Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ўсиши бўйича ҳам баҳо берди: 2026 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 5,5–6,5 фоиз диапазонида бўлиши прогноз қилинмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!