АҚШ Россиянинг «Маринера» танкерини ҳибсга олиб, блокадани кучайтирди

Шимолий Атлантикада сўнгги кунларда диққатни тортган воқеа юз берди: АҚШ Россия байроғи остига ўтган нефть танкерини ҳибсга олганини маълум қилди. Гап шундаки, АҚШнинг Европа қўмондонлиги маълумотига кўра, кема икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида кузатув ва таъқиб остида бўлган, кейин эса федерал суд ордери асосида ҳибсга олинган.
Қизиғи, танкер таъқиб жараёнида “из қолдирмаслик”ка урингандай — номини алмаштирган ва Россия байроғини кўтарган. Илгари у «Белла-1» сифатида танилган бўлса, кейинчалик «Маринера» деб қайта рўйхатдан ўтгани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, ҳибсга олиш операцияси Атлантикада, Исландия яқинида амалга оширилган. АҚШ расмийлари бу ҳаракатни Венесуэла нефти экспортини тўсишга қаратилган санкция ва босим кампанияси билан боғлаяпти.
Яна бир деталь бор: Reuters ёзишича, операция вақтида Россия ҳарбий кучлари ҳам ҳудуд атрофида бўлган, ҳатто танкер “Россия сув ости кемаси” томонидан соя каби кузатиб борилгани ҳам тилга олинади. Тўқнашув бўлгани ҳақида маълумот йўқ, аммо фоннинг ўзиёқ жуда кескин.
Москва ҳам сукут сақламади. Россия томони «Маринера» билан алоқа узилганини билдирган, айрим сиёсатчилар эса бу ҳолатни кескин қоралаб, “денгиздаги очиқча пиратлик” деган баҳогача боргани ҳақида хабарлар тарқади.
Энг муҳими, бу ҳодиса битта танкер тақдири билан чекланмайди: бу Арктика–Атлантика йўналишидаги катта сиёсий-иқтисодий ўйинлар, санкциялар ва денгиздаги назорат кимнинг қўлида экани учун “синов”га ўхшаяпти. Кейинги босқичда кема қаерга олиб кетилиши, иш қандай расмийлаштирилиши ва Москва қандай жавоб қадам ташлаши — асосий интрига бўлиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!