21:41 / 19.03.2019
3 521

Ўзбекистонда экспорт-импорт айнан қандай қилиб соддалаштирилиши айтилди

Ўзбекистонда экспорт-импорт айнан қандай қилиб соддалаштирилиши айтилди
Сўнгги йилларда мамлакатда экспорт ва импортнинг изчил ривожланаётганлиги кузатилмоқда. Бироқ, қабул қилинаётган чора-тадбирларга қарамай, Ўзбекистон Жаҳон Банкининг “Бизнесни юритиш – 2019” ҳисоботида “Халқаро савдо” индикатори бўйича 165-ўринни эгаллади, деб хабар беради Адлия вазирлигига таяниб.

«Doing business» рейтингидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда чегара ва божхона назоратида экспортни амалга ошириш вақти 112 соатни ташкил этади. Бунда ҳужжатларни расмийлаштиришга - 96 соат ва 570 АҚШ доллари сарфланмоқда. Импортни амалга оширишда чегара ва божхона назоратида ҳужжатларни расмийлаштиришга 174 соат ва 570 АҚШ доллари сарфланяпти.

Айни дамда мазкур индикатор бўйича юқори ўринларга эга хорижий мамлакатларнинг экспорт/импорт учун сарфланадиган вақти ва харажатлари миқдори нолга яқин.

Хусусан, Данияда (1-ўрин) божхона чегара назоратидаги вақт ва харажатлар миқдори нольга тенг, ҳужжатларни расмийлаштиришга атиги 1 соат вақт сарфланади. Беларусда (25-ўрин) экспортни амалга ошириш учун чегара ва божхона назорати учун 5 соат, ҳужжатларни расмийлаштиришга 4 соат ва 168 АҚШ доллари маблағ сарфланади. Импортни амалга оширишда чегара ва божхона назорати учун сарфланадиган вақт 0 соат, ҳужжатларни расмийлаштиришга – 4 соат ва 0 АҚШ доллари сарфланади.

Шу боис, Адлия вазирлиги Давлат Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда божхона ташқи иқтисодий ва чегара постларида рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштириш тартиб-таомиллари, назорат тартиб-таомилларидан ўтиш соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганди.

Таҳлил натижалари рухсатнома ҳужжатлари ва божхона расмийлаштириш учун тегишли органларга тақдим этилаётган ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар, талаблар ва ҳужжатлар мавжудлигини кўрсатди.

Улар орасида:
- ветеринария ва карантин органларидан рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштириш учун экспорт/импорт амалга оширилишидан 30 кун олдин мурожаат қилиш зарурлиги тўғрисидаги талаб;
- ортиқча 10 турдаги ҳужжатларни тақдим этиш (шартнома, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар, фумигация акти, меъёрий ҳужжатлар нусхалари ва б.ш);
- ҳужжатларни қоғоз вариантида тақдим этиш зарурияти, “ягона дарча” божхона ахборот тизимининг тўлиқ ишламаслиги ҳужжатларни электрон тарзда расмийлаштиришга ўтиш, назорат жараёнларини автоматлаштириш ва идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш имконини бермаяпти.

Бундан ташқари, постларда назоратдан ўтиш жараёнларининг паст даражада автоматлаштирилгани ҳамда назорат тартиб-таомилларидан ўтишда регламентнинг йўқлиги ушбу жараённи тезлаштиришга тўсқинлик қилмоқда.

Масалан, “Яллама” постида хронометраж ўтказилганда бир юк автотранспорт воситаси 74 дақиқада назорат тартиб-таомили (чегара, божхона, ветеринар, фитосанитар, санитар-каратин назорати)дан ўтди. Ҳужжатларни текширишга қарийб 10 дақиқа, божхона кўригига – 5 дақиқа вақт сарфланди ва охирида ҳужжатлар ҳамда юкда камчиликлар аниқланмади. Айни пайтда 60 дақиқа вақт фақат кутишга сарфланди.

Товарларни импорт қилишда импорт қилувчи шахсга қоғоз вариантидаги ҳужжат (“бегунок”) берилади. Унда божхона назорати, чегара назорати, транспорт текширилгани ҳақидаги, ветеринар назорати, санитар-карантин назорати, карантин-фитосанитар назорати бўйича 6 та рухсатнома муҳри қўйдирилиши керак. Ҳатто, импорт қилинаётган товар ветеринар хизмати назоратидан ўтмайдиган товар ҳисобланса ҳам, барибир ветеринария назорати вакилидан муҳр бостирилиши лозим.

Шу билан бирга, постларда назорат органлари фаолиятида (божхона органларидан ташқари) таваккалчиликларни бошқариш тизимининг мавжуд эмаслиги ҳам ҳар бир транспорт воситаси ва юкни текшириш зарурлигини тақозо этмоқда. Бу тартиб-таомиллардан ўтиш давомийлигининг ошишига ҳамда тегишли назорат самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Ушбу соҳадаги илғор хорижий тажриба ўрганилганда, кўпгина давлатларда зарур ҳужжатларни “ягона дарча” тамойили бўйича реал вақт режимида расмийлаштириш ва олиш имконини берадиган замонавий ахборот тизимларининг жорий этилгани, божхона, чегара ва бошқа назоратлардан автоматлашган тизимлар орқали ўтилиши, ортиқча тартиб-таомиллар

ва ҳужжатларнинг бекор қилиниши экспорт/импортни амалга оширишда молиявий харажатлар ва вақтни тежашга ёрдам берганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишдаги масалаларни янада тўла қамраб олиш мақсадида Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» телеграмм каналида тадбиркорлар ўртасида ушбу соҳадаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар олиш юзасидан сўров ўтказилди. Натижада, «qonunchilikbot» орқали тадбиркорларнинг 100 дан ортиқ таклиф ва фикрлари келиб тушди. Ушбу таклифлар мазкур соҳани такомиллаштиришда эътиборга олинди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Адлия вазирлиги томонидан постларда рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштириш ва назоратдан ўтиш учун зарур бўлган тартиб-таомиллар, муддатлар ва ҳужжатларни қисқартириш;

талабномаларни реал вақт режимида тақдим этиш ва рухсатнома ҳужжатларини ўзлаштирилган QR-код билан бирга олиш, ТИФ ТН коди асосида автоматик таҳлил ўтказиш, рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнини узоқдан туриб ҳам кузатиб туриш имконини берадиган божхона ахборот тизимининг фаолият юритишини тўла таъминлаш;

постларда назорат тартиб-таомилларидан ўтиш регламенти ҳамда таваккалчиликларни бошқариш тизимини ишлаб чиқишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда экспорт-импорт айнан қандай қилиб соддалаштирилиши айтилди