23:58 / 13.04.2020
3 073

Хом ашёга ихтисослашган давлатларнинг позицияси кучсизланади. Ўзбекистоннинг ҳам - Юлий Юсупов

Хом ашёга ихтисослашган давлатларнинг позицияси кучсизланади. Ўзбекистоннинг ҳам - Юлий Юсупов
Фото: Facebook /yuliy.yusupov
Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Ground Zero томонидан ташкил қилинган вебинар доирасида «Коронавирусгача ва ундан кейинги жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистон» мавзусида маъруза қилди ҳамда саволларга жавоб берди.
Вебинарни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.

– Коронавирус Ўзбекистон нефть-газ соҳасига қандай таъсир кўрсатади?
– Хом ашё ишлаб чиқарувчилари учун оғир давр бошланяпти. Чунки унинг қиймати тушмоқда. Инқироздан кейин ҳам у кескин ўсиши факт эмас. Хом ашё деганда фойдали қазилмалар – нефть-газни назарда тутяпман. Айтиш мумкинки, бу хом ашёга тобеликдан чиқиш учун яхши имконият. Ўзимиз истамас эканмиз, ана шундай вазиятдан фойланиб, ҳақиқатан ҳам рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни бошлаш керак.

Инқироз даврида хом ашё ресурслари нархининг тушиши умумий тенденция. Инқироздан кейин ҳам уларнинг нархи кескин ошмайди. Замонавий технология, замонавий ишлаб чиқаришдан фойдаланган иқтисодиётлар ютади. Энг аввало хизматлар тармоғи устунликка эга бўлади. Илм-фан, тиббиёт, хавфсизликка катта эътибор қаратилади.

– Коронавирусдан кейин дунё қай даражада ўзгаради? Турли ўйинчиларнинг позияцияси қай даражада ўзгаради? Дунё Хитойнинг таъсири остига тушиб қолмайдими?
– Фикримча, инқирозда юқори технологик иқтисодиётлар ютади. Хитой юқори технологик мамлакат эмас. У саноатга ихтисослашган иқтисодиёт. Тўғри, у дунёнинг асосий саноат мамлакати, бироқ Ғарбнинг юқори технологик иқтисодиётларига етишига ҳали анча бор. Шунинг учун Хитойнинг позицияси кучаяди деб ўйламайман.

Европанинг ривожланган мамлакатлари ва АҚШнинг позицияси кучайиши мумкин. Хом ашёга ихтисослашган мамлакатларнинг позицияси эса кучсизланади. Жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам. Биз жаҳон бозорига сотаётган нарсанинг нархи тушмоқда. Агар позициямизни яхшилашни истасак, жаҳон иқтисодиётида муайян ўринга эга бўлиш учун ислоҳотлар ўтказишимиз ва рақобатбардош ишлаб чиқариш учун шароит яратишимиз керак.

– Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги истиқболи нималардан иборат?
– Ўзбекистоннинг истиқболи шундан иборатки, унинг тадбиркор ва меҳнатсевар халқи бор. Бу эса инсон капиталининг нисбатан юқори даражаси. Таълим тизими идеалдан узоқ бўлса ҳам таълим ва соғлиқни сақлаш даражаси ҳозирда бизда мавжуд бўлган иқтисодиёт даражасидан юқори. Ўзбекистоннинг географик жойлашуви қулай. Биз ундан фойдаланмаймиз, денгизлардан узоқлик вазиятини янада чуқурлаштирамиз.

Географик жойлашувимизнинг қулайлиги нимадан иборат? Транспорт йўлаклари Ўзбекистон орқали ўтади, иқлим ёқимли, бой табиат ресурслари мавжуд. Бу эса саноат учун хом ашё базаси ҳисобланади. Туризм учун яхши имкониятларга эгамиз. Биз ўз афзалликларимизни жаҳон иқтисодиётига интеграция қилиш, халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиш, қўшимча қиймат яратишнинг жаҳон занжирида иштирок этиш орқали ишга солишимиз керак. Бу афзалликларни ишга солиш учун 2017 йилда бошланган либерал ислоҳотларни давом эттиришимиз керак. Мазкур ислоҳотларсиз рақобатбардош иқтисодиётни ярата олмаймиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Хом ашёга ихтисослашган давлатларнинг позицияси кучсизланади. Ўзбекистоннинг ҳам - Юлий Юсупов