09:20 / 08.05.2020
3 181

ЕОИИ билан ҳамкорлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нима беради?

ЕОИИ билан ҳамкорлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нима беради?
Ҳар бир сиёсий ва иқтисодий қудратга эга бўлган давлат ўзининг халқаро ўрнини юқорилатишга уринади — сиёсий ва иқтисодий нуфузини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Буни табиий ҳол деб қабул қилиш керак.

Албатта, бугунги шиддатли глобаллашув шароити дунё мамлакатлари ўртасида юз бераётган савдо-иқтисодий муносабатларнинг замонавий тенденциялари – халқаро меҳнат тақсимоти ва ихтисослашув имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларини чуқур тадқиқ этиш лозимлигини тақозо этмоқда. Шу ўринда миллий иқтисодиётлар олдида жаҳон ҳамжамиятига самарали интеграциялашувни чуқурлаштириш орқали ташқи иқтисодий сиёсатни доимий такомиллаштириб бориш вазифаси муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда ҳам ҳозирда кўплаб хорижий ва маҳаллий экспертларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлаётган масала бу Ўзбекистоннинг ЕОИИга ҳамкорлик масаласи ҳисобланади. Фикримизча, Ўзбекистоннинг ЕОИИга ҳамкорлик масаласини таҳлил қилиш орқали, уни параллел равишда ЖСТга аъзоликка қўйилаётган муҳим қадами сифатида қарашимиз ҳам мумкин. Чунки миллий товар-маҳсулотларимизни ЕОИИ ҳудуди бўйлаб эркин сота олишимиз имконининг пайдо бўлиши ва юртимизга аъзо мамлакатлар маҳсулотларининг эркин кириб келиши рақобатбардошлигимизни оширишга хизмат қилади.

Бунда монопол деб ҳисобланадиган айрим тармоқларнинг фаолияти ҳам хавф остида қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Аслида бизда ҳам менежмент ва ишлаб чиқариш жараёнларини сифат жиҳатдан тубдан ўзгартириш даври етиб келган. Бу каби омиллар ўз-ўзидан Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлишига ҳам хизмат қилишига асос бўлади.

Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлик қиладиган бўлса, ўз қоидаларини иттифоқ стандартлари билан мувофиқлаштириб боради ва тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар вужудга келади. Бунинг натижасида, ЕОИИ бозорини кўзлаган хорижий инвестициялар оқими юзага келиши мумкин. Зеро, шу пайтгача 34 миллионлик бозор учун ишлаб келинган бўлса, ЕОИИга кириш натижасида 184 миллиондан ошиқроқ инсон истиқомат қилувчи бозорга ҳеч қандай божларсиз кириш имкони пайдо бўлади. Ўзбекистон бу бозорга ўзининг нисбатан арзон маҳсулотларини экспорт қилиб, катта миқёсда фойда кўриши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиши, иттифоққа аъзо 5 давлат билан стандартларни бирлаштириш орқали чегаралардаги ортиқча текширув ва улардан келиб чиқадиган вақт сарфининг олдини олишига ҳамда экспорт қилувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотларини ЕОИИ ҳудудига анча эркин чиқарилишига эришиши мумкин бўлади.

Ушбу ҳамкорлик натижасида қўшимча равишда қиймати 1,6 млрд. АҚШ долларига тенг маҳсулотларни экспорт қилиш, темир йўлда ташиш харажатларини 220 млн. АҚШ долларига арзонлаштириш ҳамда меҳнат мигрантлари даромадларини 15-20 фоизга ошириш имкониятлари пайдо бўлади.

Қишлоқ хўжалигида божхона тартибларини соддалаштириш ҳисобидан ЕОИИ давлатларига Ўзбекистондан мева-савзавот маҳсулотларини етказиб бериш ҳажми ошади. Шунингдек, халқаро ташишлар соҳасида рухсат бериш тартиблари соддалаштирилади, йўловчиларнинг, юклар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши таъминланади.

Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотларини экспорт қилишида кўплаб имкониятлар яратилади.

Тан олиш керак, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиши айрим хавф-хатарлар юзага келтириши мумкин. Бу ҳақда сўз очилганда, биринчи навбатда, ички бозордаги хорижий инвесторлар ҳимояси, аъзо давлатларнинг жаҳон сиёсатидаги муаммоларининг таъсири, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жиддий рақобатга дуч келиши каби омилларни санаш мумкин.

Шу билан бирга мамлакатимизда маҳсулотлари юқори нархга эга бўлган корхоналар фаолиятига салбий таъсирлар бўлиши, ички бозорда импорт маҳсулотлар ҳажми кўпайиши, айрим товарлар бозорида рақобатнинг ортиши, ҳозир турлича бўлган техник тартибга солиш ва стандартларни бир хил қилиш билан боғлиқ муаммоларнинг пайдо бўлиши, тайёр саноат товарларини ишлаб чиқариш бўйича тафовутнинг ортишига олиб келиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилишининг қатор ижобий ва салбий томонлари мавжуд. Аммо унинг ижобий жиҳатлари анча кўп ва салмоқли ҳисобланади. Иттифоқ билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистоннинг манфаатларига мос келади. Ҳамма гап ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишда миллий манфаатларимизнинг устунлигини таъминлашда. Ана шунда бу ҳамкорлик халқимиз учун хизмат қилади ва мамлакатимиз иқтисодиётининг янада ўсишига ёрдам беради.

Комилжон Эрназаров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Манба: Халқ сўзи

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » ЕОИИ билан ҳамкорлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нима беради?