
UzAuto Motors 3 ноябрь куни эълон қилган 100 минг дона Cobalt сотуви атрофидаги вазият кузатувчиларни бефарқ қолдирмади. Компания белгиланган 7 кунлик тўлов муддати якунига етгач, шартномаларнинг катта қисми амалсиз ҳолатга тушди. Расмий маълумотларга кўра, умумий шартномалардан бор-йўғи 20 минг 833 таси тўлов билан тасдиқланган.
Шундан кейин UzAuto Motors'га мижозлар томонидан кўплаб мурожаатлар йўллана бошлади. Аниқланишича, 3 ноябрь куни тузилган шартномаларнинг бир қисми ҳақиқий эҳтиёжсиз, «омадини синаб кўриш» мақсадида расмийлаштирилган экан. Шу омиллар компанияни янги қарор қабул қилишга мажбур қилди.
Шу боис UzAuto Motors тўлов муддати ўтгач, Cobalt моделларини расмий дилерлар салонларида очиқ сотувга чиқаришни йўлга қўйди. Бу эса онлайн тизим орқали харид қила олмаган, аммо ҳақиқий эҳтиёжга эга бўлган мижозлар учун қўшимча имконият яратди.
Эндиликда харидор ўзининг истаган Chevrolet дилерлик марказига бориб, ўша ердаги мавжуд автомобиллардан ўз танловини амалга оширади. Шунингдек, у қўшимча жиҳозларни дилер марказида — автомобил кафолатига зарар етказмаган ҳолда — ўрнатиш имкониятига ҳам эга бўлади. Барча шартномалар ягона электрон тизимда расмийлаштирилиб, ҳар бир ҳужжатда унинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи QR-код жойлашади.
Расмий маълумотларга кўра, 20 ноябрь ҳолатига дилерлик тармоқларига 2624 дона Cobalt етказилган, шуларнинг 1969 таси сотилиб, эгаларига топширилган. Яна тахминан 6000 дона автомобил марказларга йўл олган. Компания таъкидлашича, дилерлардаги очиқ савдо онлайн орқали харид қилинган автомобилларни ўз вақтида топшириш жараёнига мутлақо таъсир қилмайди.
Янгича савдо тартиби бир қарашда бозордаги талабни ҳақиқий кўринишда баҳолашга ва реал харидорларга қулайлик беришга қаратилгани билан аҳамиятли. Энди Cobalt олишни режалаштирган мижозлар учун имконият кенгайди — асосийси, дилерлик марказига бориб, реал мавжуд машиналардан танлаш мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.