
Ўзбекистон тоғларидаги музликлар сўнгги йилларда сезиларли даражада қисқараётгани кузатилмоқда. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, атиги икки йил ичида музлик қалинлиги 5 метрдан ортиқ камайган. Фақат жорий йилнинг ўзида эса музликлар қарийб 4 метрга эриб кетгани қайд этилган. Бу ҳолат тоғ экотизимига, сув захиралари ва иқлим мувозанатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, музликларнинг бундай тез эриши бир неча омиллар билан боғлиқ. Энг асосий сабаб — глобал исиш жараёнининг кучайиши. Ҳарорат йил сайин ортиб бораётгани натижасида музликлар ўз массасини йўқотмоқда. Шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиши ва атмосфера ҳароратининг ўртача кўтарилиши ҳам жараённи тезлаштирмоқда.
Музликларнинг қисқариши Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган сув ресурсларига бевосита таъсир қилади. Тоғларда тўпланган музлар ёз ойларида дарёларга сув манбаи бўлиб хизмат қилади. Агар музликлар ҳозирги суръатда эришда давом этса, келажакда сув танқислиги кучайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.
Экология бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бири. Мутахассислар табиатни асраш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитга зарар етказувчи омилларни камайтиришни энг устувор вазифа сифатида кўрсатмоқда. Табиатни асраш бўйича бугунги кунда қилинадиган ҳар бир амалий иш келажак авлодлар ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!