08:30 / 26.11.2020
2 924

Коронавируснинг иқтисодий сабоқлари

Коронавируснинг иқтисодий сабоқлари
Инсоният тараққий этиб, дунёни глобаллаштириб, рақамли оламни ҳам яратди. Аммо, бундай қулай шароитда турли хавф-хатар ва таҳдидлар ҳам кўпайишини ҳалигача англаб етганимиз йўқ — экологик мувозанатнинг бузилиши, иқлим ўзгариши, инсоннинг палапартиш ҳаракати натижасида техноген фалокатлар бизни пойлаб турибди... Уларнинг олдини олиш учун одамлару юртларнинг ўзаро келишилган оқилона ҳаракати талаб этилади. Ҳозир бошдан кечираётган Covid-19 пандемияси бунинг ёрқин исботидир.

Техника-технология ютуқлари жорий этилиши натижасида ривожланган мамлакатларда шаклланган ҳаёт қулайликлари эйфорияси таъсирида шаклланган нотўғри ғоялардан ҳам воз кечиш лозим.

Иқтисодий соҳада шундай нотўғри стереотип ғоялардан бири — ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсишига иқтисодий тараққиётнинг асосий умумий кўрсаткичи сифатида либерал иқтисодий қараш.

2017 йилги Рим клуби ҳисоботи муаллифларининг хулосаларига қўшилмаслик мушкул. Уларнинг фикрига кўра, ЯИМ кўрсаткичи фаровонликни эмас, балки сарф-харажатларни акс эттиради ва бозор субъектлари моддий-молиявий манфаатлари мезони бўлган фойданигина ифодалайди. ЯИМни ўлчайдиган ягона нарса — пулнинг иқтисодиётда ҳаракатланиш тезлиги. Муаллифлар парадоксал ҳолатларни қайд этадилар: нефть тўкилиши фавқулодда вазиятларини бартараф этиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, касалликлар, фалокатлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг барчаси фаровонликни пасайтирса ҳам, ЯИМни кўпайтиради.

Маълумотларга қараганда, энг кўп ЯИМ ишлаб чиқараётган мамлакатлар атроф-муҳитни ифлослантириш борасида ҳам «пешқадам»дирлар.

Қизиғи, бу йилнинг 9 ойида мамлакатимизда статистика маълумотларига қараганда ЯИМ 0,4 фоиз ўсибди. Пандемия шароитида дунё иқтисодиёти таназзулга юз тутган, шу жумладан, ўзимизда ҳам аксарият корхоналар ва одамлар тўлиқ ишламаган пайтда бу қандай ўсиш? Ниқоб, антисептик воситалар ишлаб чиқарилиши, коронавирус билан касалланганлар учун шифохоналар қурилиши, қолаверса Олот, Қоракўлда юз берган табиий нохушлик, Сардоба техноген фалокатини бартараф этиш харажатлари ҳисобига эмасми? Бизга шу керакми?

Иккинчи нотўғри стереотип ғоя — инфляцияни бирёқлама — фақат салбий иқтисодий ҳодиса сифатида баҳолаш. Тўғри, чўнтагимиздаги 10 сўм пулимиз эртага 9 сўмга, индинга 8 сўмга айланиши қувонарли ҳол эмас, албатта. Аммо, умумиқтисодий нуқтаи назардан қараганда, ислоҳ қилинаётган иқтисодиёт учун, агар муомалага қўшимча чиқарилган пуллар реал иқтисодиётни ривожлантириш, таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш, самарали инвестициялар ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун сарфланса, инфляция фойдали бўлиши мумкин.

Мажозий маънода айтадиган бўлсак, ислоҳ қилинаётган иқтисодиёт учун бошқариладиган инфляция — касалликдан даволовчи оғриқли тиббий муолажа, аччиқ доридек. Бу муолажани юқори малакали шифокор ўтказиши керак.

Фикримизча, мамлакатимиз бош банки томонидан олиб борилаётган пул-кредит сиёсати ҳам инфляция ролини нотўғри, бирёқлама баҳолашга асосланган. Хусусан, айни пайтда асосий фоиз ставкаси 14 % этиб белгиланган шароитда кредитлар 15 — 20 % ва ундан юқори фоизга берилади. Реал иқтисодиётда эса (саноат, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш соҳалари, қурилиш ва ҳ.к.) фойда даражаси бундай фоизларни тўлашга имкон бермайди. Бироқ, олди-сотди фаолияти бошқа гап...

Яъни инфляцияга қарши курашиш шиори остида реал секторни молиявий ресурслар билан таъминлаш имконияти чекланади. Иқтисодиётимиз соҳалари ўртасидаги ўзаро тўловга ноқобиллик, айланма маблағларнинг етишмаслиги айни шу билан боғлиқдир. Аграр секторимизда айланма маблағлар йўқ ҳисоб: йил бошида (қишлоқ хўжалик ишлари бошланганда) соҳа марказлашган фонд орқали банклар воситачилигида кредитланади, йил охирида (ҳосил сотилгандан кейин) кредитлар қайтарилади...

Бир неча йил олдин қайси соҳа ёки корхонани ривожлантириш керак бўлса, унга якка тартибда турли солиқ имтиёзлари ва бошқа қулайликлар бериларди. Сўнгги йилларда иқтисодиётимизда барча субъектлар учун тенг шароит яратиб, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида бундай амалиётдан воз кечишга қарор қилинди. Шундай бўлса-да, эски номақбул амалиёт, фикримизча, айрим хўжалик юритувчи субъектлар учун банк кредитлари фоизларини бюджет ва нобюджет фондлар орқали қисман қоплаш тарзида ҳанузгача давом этиб келяпти...

Хуллас, нима бўлса бўлсину, банклар зиён кўрмасин. Гўё банклар реал иқтисодиётга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар эмас, балки иқтисодиёт банкларнинг барқарор даромадларини шакллантириш учун хизмат қилиши керакдек. Жорий йилнинг 9 ойида банк карталаридан 43,4 трлн. сўмлик маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган. Бу банк комиссияси 1 %га тенг бўлган тақдирда биргина шу турдаги операция ҳисобига банклар 400 млрд. сўм даромад олганини англатади.

Учинчи нотўғри стереотип ғоя — бозор романтизми, яъни жамият ҳаётининг барча жабҳаларини бозор тамойиллари асосида қуриш мумкин деган ғоядир. Аслида бозор тамойиллари — хусусий мулк, рақобат, фойда олиш мақсади — реал иқтисодиётга, асосан моддий ишлаб чиқаришга хос тамойиллар. Ижтимоий соҳа — соғлиқни сақлаш, таълим, маданий, маънавий, ахборот соҳаларида бозор тамойиллари тўлалигича ишламаслиги керак ва бу соҳалар тўлиқ маънода бизнесга айланмаслиги даркор. Хусусан, одамлар кўпроқ касал бўлишидан моддий манфаатдор бўлган бизнес-медицина шаклланишига йўл қўймаслик лозим.

Ижтимоий хизматлар қисман, айрим турлари ҳатто тўлиқ тўлов асосида амалга оширилиши мумкин. Аммо пуллик дегани ҳар доим ҳам бизнес-фаолиятни англатмайди. Пуллик ижтимоий хизматлар, шу жумладан, тиббий хизматлар тадбиркорлик субъектларининг эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилотларининг хизматлари сифатида кўрсатилиши мумкин.

Бугун коронавируснинг хавфини англамоқдамиз. Эртага уни енгамиз. Индинга эса бошқа кутилмаган бало-қазолар бошимизга ёпирилиши мумкин, токи тараққиётимизни ресурсларни тежаш, тоза ҳаво, инсон саломатлиги, табиат билан уйғунликда яшаш каби мезонлар билан ўлчамасдан, бозор романтизмига берилиб, ЯИМ кўрсаткичини шиширишни мақсад қилиб, бунинг устига муомалага чиқарилган пулларни самарасиз сарфлайвериб, ижтимоий соҳалар фаолиятини ҳам пул билан ўлчашни давом эттираверсак — бунинг охири вой бўлиши мумкин...

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,
иқтисод фанлари номзоди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Коронавируснинг иқтисодий сабоқлари