date

Сурхондарё пахтакорлари 2025 йилги режани биринчи бўлиб бажарди

Сурхондарё пахтакорлари 2025 йилги режани биринчи бўлиб бажарди

Сурхондарё вилояти пахтакорлари яна бир бор ўз меҳнати ва фидойилиги билан бутун мамлакатга намуна кўрсатди. Вилоят дехқонлари 2025 йилги пахта топшириш шартномавий режасини Ўзбекистонда биринчи бўлиб бажаришга муваффақ бўлди, деб хабар берди ЎзА.

Маълумотларга кўра, қабул шохобчаларига жами 275 минг 600 тоннадан ортиқ юқори сифатли хом ашё топширилган. Ҳосилни ўз вақтида, тез ва талафотсиз йиғиб олиш мақсадида жами 1 минг 277 та терим отряди ташкил этилган. Шунингдек, терилган пахтани қабул шохобчаларига етказиш учун 2 минг 10 та трактор ва 2 минг 965 та тиркама жалб қилинган.

Ҳабарда таъкидланишича, об-ҳаво ноқулай келган, сув танқислиги сезилган бу йилда ҳам сурхондарёлик деҳқонлар ўз тажрибаси ва меҳнатсеварлиги туфайли мўл ҳосилга эришган. Улар ҳар бир майдонни оқилона бошқариб, ердан максимал самара олган.

Ҳосил йиғимини тез ва сифатли амалга ошириш учун 2025 йил сентябрида Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий FМ-World русумли пахта териш машиналари олиб келинган. Бу техника терим жараёнини автоматлаштириш ва вақтни тежашда муҳим аҳамият касб этган.

Маълумот учун, Сурхондарё вилояти сўнгги уч йил ичида — 2023 ва 2024 йилларда ҳам пахта топшириш режасини мамлакат бўйича биринчи бўлиб бажарган эди.

Бугун эса вилоят пахтакорлари яна илк бўлиб ўз номини қуёшли диёрнинг фахрига айлантирди. Меҳнаткашлар сабот ва сабр билан тер тўкиб, Сурхондарёни мамлакат қишлоқ хўжалиги тараққиётида етакчи ҳудуд сифатида мустаҳкамлаб боришмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Сурхондарё пахтакорлари 2025 йилги режани биринчи бўлиб бажарди