date

Индонезия Исроил спортчиларига виза бермасликка қарор қилди

Индонезия Исроил спортчиларига виза бермасликка қарор қилди

Индонезия ҳукумати Исроил билан боғлиқ янги сиёсий қарор қабул қилди — мамлакатда бўлиб ўтадиган бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионатида исроиллик спортчилар иштирок эта олмайди, деб ёзди AP агентлиги.

Индонезия адлия ва ҳуқуқий ишлар вазири Юсрил Иҳза Маҳендранинг маълум қилишича, ҳукумат Жакартада ўтказиладиган мусобақада қатнашмоқчи бўлган Исроил гимнастикачиларининг визасини расмийлаштирмасликка қарор қилган. Унинг таъкидлашича, бу позиция мамлакатнинг ташқи сиёсат йўналиши билан ҳамоҳанг.

«Индонезия ҳукумати Исроил гимнастикачиларининг Жакартада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиши учун виза бермайди», — деди вазир, мамлакат ахборот агентликларига берган баёнотида.

Маълумотларга кўра, Исроил гимнастика федерацияси бу қарордан кейин ўз норозилигини билдирган ва дунёдаги энг катта мусулмон давлати бўлган Индонезиянинг бу ҳаракатини «ғазабланарли ва ноҳақ» деб баҳолаган. Улар халқаро спорт ташкилотларига расмий шикоят юбориш ниятида эканини ҳам маълум қилган.

Индонезия томони эса ўз қарорини изоҳлаб, Исроилнинг Ғазо секторидаги уруш ҳаракатлари туфайли бу чора амалга оширилганини билдирган. Расмий маълумотга кўра, Исроил терма жамоаси 19–25 октябрь кунлари Жакартада бўлиб ўтадиган бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиши керак эди.

Вазир Маҳендранинг айтишича, бу қарор мамлакат ичидаги турли жамоалар — хусусан, Ислом уламолари кенгаши ва Жакарта маҳаллий ҳукумати томонидан билдирилган эътирозларга асосланган. Улар Исроил спортчиларига виза беришни «халқона қадриятларга зид» деб ҳисоблаган.

Маҳендра таъкидлашича, бу қарор Индонезиянинг узоқ йиллик ташқи сиёсий тамойилларига мос келади. Мамлакат Исроил билан дипломатик муносабатларни Фаластин давлатининг тўлиқ мустақиллиги ва суверенитети тан олинмагунча йўлга қўймаслик позициясида қатъий турибди.

Бундай қадам халқаро спорт жамоатчилигида турли фикрларга сабаб бўлди. Бир томон Исроил спортчиларининг иштирокини сиёсат билан боғламасликни таъкидлаётган бўлса, бошқалар Индонезиянинг ўз миллий позициясини ҳимоя қилаётганини қўллаб-қувватламоқда.

Шундай қилиб, Жакартадаги жаҳон чемпионати ҳали бошланмасиданоқ халқаро дипломатик тортишувлар марказига айланди. Бу эса спорт ва сиёсат ўртасидаги чегара яна бир бор муҳокама мавзусига айланганини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Индонезия Исроил спортчиларига виза бермасликка қарор қилди