date

Барқарор иқтисодий тараққиёт сирини очган олимлар Нобел мукофотига сазовор бўлди

Барқарор иқтисодий тараққиёт сирини очган олимлар Нобел мукофотига сазовор бўлди

2025 йилдаги иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти ўз соҳасининг илғор ва таъсирли олимларига — америкалик Жоэл Мокир, француз Филипп Агон ва яна бир америкалик Питер Хауитга берилди, деб хабар берди Nobelprize.org.

Мукофот ҳакамлари уч иқтисодчининг ишини “инновацион иқтисодий ўсиш жараёнини илмий асосда изоҳлагани” учун эътироф этди. Улар яратган назария технологиядаги ўзгаришлар ва “бунёдкор бузғунчилик” деб аталувчи жараён мамлакатларнинг узоқ муддатли фаровонлигига қандай таъсир қилишини очиб берди.

Нобел қўмитаси изоҳида таъкидланишича, сўнгги икки аср ичида инсоният илк бор тарихда барқарор ва тизимли иқтисодий ўсиш даврини бошидан кечирди. Бу жараён миллионлаб одамларни қашшоқликдан чиқаришга ёрдам берди ва фаровон жамиятлар учун пойдевор яратди.

“Бу йилги лауреатлар — Мокир, Агон ва Хауит — инновациянинг тараққиётга туртки берувчи асосий куч эканини исботлаб берди. Улар инсонзотни бир нарсани англашга ундади: барқарор ўсиш табиий ҳол эмас, балки доимий меҳнат ва изланиш натижасидир. Тарихдаги кўп даврларда иқтисодий ўсиш эмас, турғунлик одатий ҳол бўлган. Шу боис, лауреатларнинг иши бизга ўсишга халақит берувчи таҳдидларни англаб, уларга қарши чора кўриш зарурлигини эслатади”, дейилади қўмита баёнотида.

Маълумот учун, 2023 йилда Нобел иқтисодиёт мукофоти америкалик тадқиқотчи Клаудия Голдинга аёлларнинг меҳнат бозоридаги ўрни ва ривожланиш тенденцияларини ўргангани учун берилган эди. Кейинги йил, 2024 йилда эса Массачусетс технологиялар институти олимлари Дарон Ажемўғли ва Саймон Жонсон ҳамда Чикаго университети профессори Жеймс Робинсон “институтларнинг шаклланиши ва уларнинг иқтисодий фаровонликка таъсири” бўйича ишлари учун совринга лойиқ деб топилган.

Бу йилги мукофот, шубҳасиз, инсониятнинг инновация орқали барқарор тараққиётга эришиш сари интилишини яна бир бор намоён этди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Барқарор иқтисодий тараққиёт сирини очган олимлар Нобел мукофотига сазовор бўлди