Испаниянинг Валенсия шаҳрида жуда ғайриоддий ҳолат аниқланди — бир квартирадан эркакнинг 15 йил давомида ётган жасади топилди. Бу ҳақда Levante-EMV нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, марҳумнинг қўшнилaри уни кўп йиллардан бери кўрмаган. Айримлар уни қариялар уйига жойлаштиришган, деб ўйлаган бўлса, бошқалар қариндошлари олиб кетган, деб тахмин қилишган.
Антонио Ф. исмли бу шахснинг жасади тасодифан топилган — кучли ёмғирлар туфайли терраса орқали сув квартираларга кириб борган ва бу ҳолат қўшниларнинг хавотирини келтирган. Улар полицияга мурожаат қилгач, ўт ўчирувчилар уйга кириб, ётоқхонада кийимли ҳолда ётган скелетни топишган.
Терговчиларнинг дастлабки маълумотларига кўра, Антонио Ф. табиий сабаблар туфайли вафот этган. У 1939 йилда туғилган бўлиб, собиқ турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан алоқада бўлмаган.
Маълум бўлишича, марҳум коммунал тўловлар бўйича 11 минг евро қарз тўплаган. Суд қароридан сўнг унинг банк ҳисоблари музлатилган, аммо нафақа орқали қарзлар қисман қопланиб келинган ва у расман нафақа “олишда” давом этган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!