10:00 / 24.03.2022
1 644

Ўзбекистонда UMS ва иккита банк хусусийлаштирилади

Ўзбекистонда UMS ва иккита банк хусусийлаштирилади
«Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги резидент қарори қабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Қайд этилишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Молия вазирлиги иштирокида 60 га яқин вазирлик, идора ва 2 мингдан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналарнинг 12 мингдан ортиқ улуши ва кўчмас мулк объектлари ялпи хатловдан ўтказилган.

Қарор билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг, вазирлик, идора ҳамда хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг давлат активларини бошқариш йўналишидаги асосий вазифаларидан бири этиб, бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган ва асосий фаолият соҳасига тааллуқли бўлмаган активларни аниқлаш бўйича хатлов ишларини муттасил амалга ошириш ва улардан самарали фойдаланиш чораларини кўриш белгиланади.

Ҳужжатга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 2022 йил 1 майга қадар Universal Mobile Systemс МЧЖни баҳолаш ва сотиш жараёнига халқаро консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчиси, инвестиция банки ёки бошқа ихтисослашган компанияни жалб этади.

2023 йил 1 апрелга қадар уни хусусийлаштириш чоралари кўрилади. Икки ҳафта муддатда «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги 25 та дон корхоналари 2022 йил 1 июлга қадар, қолганларини эса жорий йилнинг якунига қадар босқичма-босқич савдога чиқарилади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб «Ўзагросервис» АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг кўчмас мулк объектлари, зарур ҳолларда, уларни алоҳида лотларга бўлган ҳолда, электрон онлайн-аукцион савдоларига баҳоланган қийматда чиқарилади. 2022 йил 1 апрелга қадар «Ўзагролизинг» АЖнинг операцион самарадорлигини ошириш, мавжуд қарздорликларини таркибий ўзгартириш, жамиятнинг ликвидлилиги ва тўлов қобилиятини таъминлашни назарда тутувчи «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

Шунингдек, қарорда бир қатор вазифалар белгиланган:
  • 2022 йил 1 октябрга қадар «Қишлоқ қурилиш банк» АТБнинг акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO);
  • 2022 йил якунига қадар Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва «Асакабанк» АТБнинг давлат улушлари савдога чиқариш;
  • 2023 йил 1 июлга қадар АТ «Халқ банки», «Микрокредитбанк» АТБ, АТ «Алоқабанк», «Агро банк» АТБ, «Ўзмиллийбанк» АЖ акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш (IPO).

Ҳужжатда давлат активларини хусусийлаштиришда уларнинг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан, шу жумладан, профессионал ташкилотларни жалб қилган ҳолда сотиш услуби жорий этилиши белгиланган. Бунда, профессионал ташкилотларни жалб қилиш орқали хусусийлаштириладиган давлат активлари рўйхати Давлат тендер комиссияси томонидан тасдиқланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда UMS ва иккита банк хусусийлаштирилади