11:11 / 23.06.2022
1 661

Ҳафтасига 5 грамм микропластик еяпмиз. Унинг соғлиққа таъсири, зарарини камайтириш бўйича тавсиялар

Ҳафтасига 5 грамм микропластик еяпмиз. Унинг соғлиққа таъсири, зарарини камайтириш бўйича тавсиялар
Антарктидадаги пластик чиқиндилар (David Pereiras / shutterstock.com)
Сўнгги 70 йил ичида инсоният 8,3 миллиард тонна пластмасса ишлаб чиқарди. Уларнинг аксарияти чиқиндихоналар ва атроф-муҳитга ташлаб юборилган. Оқибатда сув ҳавзалари ва тупроқ ифлосланмоқда. Шунингдек, пластик зарралари одам вужудига ҳам кириб келган. Олимлар ҳисоб-китобига кўра, инсонлар ҳафтасига ўртача 5 грамм микропластик истеъмол қиляпти, бу банк картасининг оғирлиги билан тенг. Мақоламизда микропластик зарралари, уларнинг манбалари, саломатликка таъсири, зарарини камайтириш бўйича тавсиялар ҳақида маълумот берамиз.

Вена тиббиёт университети олимлари тадқиқоти натижаларига кўра, бир киши ҳафтасига ўртача 5 граммгача микро ва нанопластик истеъмол қилади. Бу эса банк пластик картасининг вазни билан тенг. Бундай таққослашдан сўнг, ҳафтасига 5 грамм пластик арзимас нарсага ўхшамайди. Агар йил миқёсида оладиган бўлсак, тахминан 250 грамм пластик чиқади. Бу 230 та коктейль найчаси ёки 8 та ярим литрли пластик идишнинг оғирлиги билан тенг.

Микропластик танамизга қандай тушади, нима учун у одам ва табиат учун зарарли?
Ҳаётимиз табиатдаги моддаларнинг узлуксиз айланишидан иборат. Биз уйғонамиз, ваннага кириб, тишларимизни паста билан тозалаймиз. Танамизни совун ёки гель, сочимизни шампунь билан ювамиз. Кўйлагимизни кир ювиш машинасида ювамиз ва қуритамиз. Бу жараёнлардан сўнг, таркибида маиший кимё қолдиқлари бўлган сув канализацияга оқиб кетади. У ердан эса дарё ва каналларга тушади. Уларнинг таркибидаги кимёвий моддалар – хлор, турли заҳарли химикатлар, канцероген моддалар атроф-муҳитга тарқалади.

Эҳтимол, уларни йўлда тозалаш иншоотлари кутаётган бўлиши мумкин, лекин афсуски, ҳар доим ҳам эмас. Агар бор бўлган тақдирда ҳам улар барча майда зарраларни, айниқса микропластикни фильтрлай олмайди.

Шундай қилиб, тиш пастаси, шампунь ва кир ювиш воситаларининг жуда кичик зарралари сувга ёки тупроққа тушади. Улар балиқ ёки ҳайвонлар томонидан истеъмол қилинади. Биз эса уларни еймиз.

Жамоат транспорти бекатида туриб, автобусни кутаётганимизда чиқинди газларини ҳидлаймиз, ҳаводаги майда қаттиқ зарраларни, шу жумладан ейилиб кетаётган шина қолдиқларини ютамиз. Ҳатто шахсий машина ҳам вазиятни ўзгартирмайди – вентиляция ёки кондиционер орқали ташқаридаги ҳаво оқими салонга киради.

Кечқурун эса уйга қайтамиз ва яна худди шундай вазиятга тушамиз. Ҳолат кундан кунга, йилдан йилга такрорланаверади. Кейин биз ҳафта ичида 5 грамм пластикни қандай истеъмол қилганимизга ҳайрон бўламиз.

Пластик зарралари (aussiedlerbote.de)
Микропластик - бу махсус турдаги пластик эмас, балки ўлчами 5 миллиметрдан кам бўлган ҳар қандай турдаги пластик бўлаклари. Микропластик ундан ҳам майда заррачаларга, нанопластикка парчаланади.

1950-йиллардан бери одамлар 8,3 миллиард тонна пластмасса ишлаб чиқарган, уларнинг 79 фоизи чиқиндихоналар ва атроф-муҳитга ташлаб юборилган. Чиқинди пластик микро ва нанозаррачаларга парчаланиб, сув ҳавзалари ва тупроқни ифлослантирмоқда.

Ўлчами 0,001 дан 5 миллиметргача бўлган микропластик ва 0,001 миллиметрдан кичикроқ нанопластик денгиз маҳсулотлари ёки мева-сабзавотлар орқали танамизга кирмоқда.

Шунингдек, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган пластик идишлардан фойдаланганимизда ҳам улар вужудимизга киради: кунига 1,5-2 литр сув ичадиган одамлар йилига 90 мингта пластик заррачаларни олади.

Микропластик ер юзининг ҳамма жойида бор: Эверест чўққисида, Арктикада, Мариана ботиғи тубида, денгиз тузида, чучук сувда, балиқлар ва ҳайвонларда ва албатта инсон вужудида.

Денгиз соҳилидаги пластик чиқиндилар (Фото: Istock)
Италиялик олимлар 2020 йилнинг май ойида бир қанча соғлом аёлларнинг плацентасида (йўлдошида) микропластик зарраларини топишган. Плацента фақат ҳомиладорлик пайтида пайдо бўладиган аъзо. У она ва чақалоқ ўртасида моддалар алмашинувини таъминлайди. Айнан плацента ҳомилага етиб борадиган моддаларни фильтрлайди.

Бундан ташқари, Роберт Кох институти ва Германия атроф-муҳит вазирлиги тадқиқотчилари уч йил давомида 3 ёшдан 17 ёшгача бўлган 2,5 минг нафар боланинг сийдик ва қон намуналарини ўрганишган. Тадқиқотчилар намуналарнинг 97 фоизида 15 турдаги пластикдан 11 таси изларини топишган.

Нима учун микропластик ҳамма жойда учрайди?
Бу саволга жавоб бериш учун келинг, майда мунчоқларни тасаввур қилайлик. Бундай рангли, пластик мунчоқлардан қизчалар билагузук тўқишади.

Агар бир ҳовуч мунчоқни уйингизга сочиб юборсангиз, уларнинг барчасини йиғиб чиқишнинг деярли иложи бўлмайди. Мунчоқ доначалари шкаф ортига, диван тагига ва бошқа жойларга сочилиб кетади. Уларни йиғиш учун кўп вақт ва куч сарфлайсиз. Шунда ҳам барчасини топа олмайсиз.

Микропластик ҳам шунга ўхшаш, уни сувдан, тупроқдан ва ҳаводан ажратиб олиб бўлмайди. Жуда майда зарраларини фильтрлаб бўлмайди.

Пластик пакетга ўралиб қолган сузгичли дельфин (Фото GettyImages)
Енгил саноатда ишлаб чиқиладиган синтетик толали материаллар ҳам микропластик манбаларидан бири ҳисобланади. Полиестер, нейлон ёки полиуретан синтетик полимерлардир. Биз бундай кийимларни кийганимизда ёки ювганимизда, улардан майда толалар – микропластик ажралиб чиқади. Улар ерга ёки оқова сувлар билан океанга тушади.

Кир ювиш кукуни, турли геллар, тиш пастаси, шампунь ва бошқа кўплаб воситалар таркибига микропластик қўшилади. У стабилизатор ва ёпишқоқлик регулятори вазифасини бажаради.

Шу аснода, инсоният экология ва истеъмол маданиятига бўлган муносабатини қайта кўриб чиқмагунча, микропластикни деярли қошиқлаб истеъмол қилаверамиз. У сувимиз, овқатимиз ва ҳавога аллақачон кириб бўлган ва бундан кейин ҳам тўпланиб бораверади.

Микропластик нима учун зарарли?
Биз бир йилда 8 та ярим литрли пластик идишни истеъмол қиляпмиз, аммо унинг емирилиш даври тахминан 450 йилга тенг. Бундан ташқари, пластик диетанинг бошқа жуда кўп ёқимсиз оқибатлари ҳам бор.

Вена тиббиёт университети тадқиқот гуруҳи ошқозон-ичак йўли орқали ўтадиган микропластик зарралар ичак микробиоми таркибида ўзгаришларга олиб келишини аниқлашган. Бу эса ўз навбатида метаболик касалликлар ва улар билан боғлиқ семириш, диабет ва сурункали жигар касалликларини юзага келтириши мумкин.

Пластик идишлар (Фото GettyImages)
Бундан ташқари, микропластик зарралар қалқонсимон безнинг ишлашига халақит бериши, эстроген гени ишига тақлид қилиши ва тестостерон таъсирини бостириши мумкин. Эстроген гени ва тестостерон инсоннинг энг муҳим гормонларидан биридир. Улар нафақат репродуктив тизимга, балки бутун вужудга таъсир қилади. Юрак, қон томирлари, вазн, мушаклар ва марказий асаб тизими, суяклар, тери, иммунитет, хотира ва ҳатто психикага.

Шунингдек, микропластиклар когнитив функцияларга ҳам ножўя таъсир кўрсатади. Мисол учун, агар одам эрта ёшда «Бисфенол А» кимёвий моддаси таъсирига дучор бўлса, мия ривожланишининг бузилиши, нафас қисилиши ва астма билан хасталаниш хавфи ортади. Ҳозирги вақтда кўплаб компаниялар таркибида «Бисфенол А» бўлмаган пластикни ишлаб чиқармоқда. Бироқ олимлар унинг ўрнини эгаллаган бошқа кимёвий моддалар ҳам хавфсиз эканига шубҳа билдирмоқда.

Микропластик нафақат инсон вужудига, балки ҳайвонларга ҳам, тупроққа ҳам таъсир қилади. Муаммони тўлиқ тасвирлаш учун мақоламиз ҳажми кичиклик қилади.

Микропластикдан қутулиш мумкинми?
Микропластикнинг зарари ва унинг ҳамма жойда тарқалгани ҳақидаги ушбу мақола одамларни қўрқитиш мақсадида эмас, балки муаммо кўламига эътибор қаратиш мақсадида ёзилмоқда.

Микропластикдан қутулишга уриниш 100 фоиз муваффақиятсизликка учрайди. У аллақачон бутун сайёрага тарқалиб бўлган. Аммо унинг зарарли таъсирларини камайтиришнинг иложи бор.

Масалан, озиқ-овқат маҳсулотларини шиша ёки металл идишларда сақланг, пластик идишларда овқатни қайта иситманг. Синтетик кийимларни кийишдан сақланинг, уларнинг ўрнига, табиий матолардан ва ипак, пахта ёки жун нарсаларни танланг. Агар синтетик кийимлардан бутунлай қутулишнинг иложи бўлмаса, уларни паст ҳароратда ювинг ва кир ювиш машинасида минимал тезликда қуритинг.

Чиқиндиларни саралаш (Фото GettyImages)
Чиқиндиларни сараланг. Агар пластик чиқиндилар қайта ишловга берилса, улар экотизимда микропластик манбаига айланмайди.

Косметика ва уйда ишлатиладиган кимёвий моддаларнинг таркибини ўқинг. Агар сиз «поли» ёки «акрил» билан бошланган компонентни кўрсангиз, бу пластик кукун бўлиши мумкин.

Бир марта фойдаланиладиган пластик пакетлардан иложи борича воз кечинг. Бу ҳаракатларнинг барчаси жуда оддий ва катта куч талаб этмайди.

Энг муҳими, ҳар биримиз атрофимиздаги пластик миқдорини камайтиришимиз лозим.

Бунинг учун биз нимани истеъмол қилаётганимизга, уй-рўзғорда қандай буюмларни ишлатаётганимизга, кундалик ҳаётда қандай буюмлардан фойдаланаётганимизга эътибор қаратишимиз лозим. Дунё бир кечада ўзгармайди. Аммо жамоатчиликнинг муаммога эътибори ва умумий саъй-ҳаракатлари муаммони бартараф қилишга кўмак бериши мумкин.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳафтасига 5 грамм микропластик еяпмиз. Унинг соғлиққа таъсири, зарарини камайтириш бўйича тавсиялар