
Таниқли телебошловчи ва спорт шарҳловчиси Денис Казанский Жаҳон чемпионати–2026 қуръаси атрофидаги мулоҳазаларини билдириб, турнир формати ва айрим гуруҳлар юзасидан ўз фикрларини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу галги қуръада фавқулодда интригага бой гуруҳлар деярли кўринмаяпти. Шу билан бирга, айрим квартетлар барибир диққатни ўзига тортмоқда.
"Қизиқарли гуруҳлар кўп эмас. Деярли барчаси бир текис тақсимланган. Фақат Марокаш, Бразилия ва Шотландия жамланган гуруҳда қандайдир интрига пайдо бўлиши мумкин. Англия, Хорватия, Гана ва Панама жойлашган гуруҳ ҳам ўзига хос", — дея Казанский ўз фикрини баён қилди.
Шарҳловчи айни пайтда Ўзбекистон терма жамоасига бўлган муносабатини ҳам яширмади. Унинг айтишича, Криштиану Роналдуга қарши баҳс қиладиган Аббосбек Файзуллаев ва бутун терма жамоа Мундиалда күтилмаган сенсация яратиши мумкин.
"Ўзбекистон учун жуда хурсандман. Аббос Криштиануга қарши майдонга тушади ва, менимча, улар бу мусобақада жиддий шов-шув ярата олади", — деди Казанский.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика стадионларида ўтказилади. Ушбу турнир тарихда биринчи марта 48 та терма жамоани ўз ичига олади. Жамоалар умумий ҳисобда 12 та гуруҳга бўлинган бўлиб, ҳар бир гуруҳда 4 тадан иштирокчи жой олган.
Ҳозирга қадар 42 жамоа Мундиалга йўлланмани қўлга киритган. Яна 6 та йўлланма эса 2026 йил март ойининг охирида ўтказиладиган плей-офф баҳслари орқали ўз эгасини топади.
Жаҳон чемпионатига бўлган қизиқиш кун сайин ортаётган бир пайтда, мутахассислар фикри, жумладан Казанскийнинг таҳлиллари ҳам мухлислар орасида катта муҳокамага сабаб бўлмоқда. Мусаффо умидлар, янги сенсациялар ва Ўзбекистон учун катта имкониятлар Мундиал олдидан янада қизғин муҳит яратмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.