date

Шевченко Украина мақсади ва ЖЧ қуръаси ҳақида гапирди

Шевченко Украина мақсади ва ЖЧ қуръаси ҳақида гапирди

Украина футбол ассоциацияси президенти, мамлакат афсонаси Андрей Шевченко Жаҳон чемпионати–2026 қуръаси борасидаги илк фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, ҳозирча асосий эътибор қуръадаги эҳтимолий рақибларга эмас, балки плей-офф босқичига пухта тайёргарликка қаратилмоқда. Сабаби оддий — Украина ҳали мундиалга йўлланмани қўлга киритмаган ва энг муҳим масала ҳам шу.

"Биз учун асосий вазифа — плей-офф орқали Жаҳон чемпионатига йўл олиш. Аввало шу босқичга максимал даражада тайёр туришимиз керак. Гуруҳ ҳақидаги мулоҳазалар вақтинча иккинчи ўринда. Албатта, қуръада кучли жамоалар тўпланган, аммо бизнинг биринчи мақсадимиз — Мундиалга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритиш", — дея таъкидлади Шевченко “Суспильне Спорт”га берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, Украина эҳтимолий рақиблар — Нидерландия, Япония ва Тунисга қарши тушиши мумкинлиги ҳақида ўйлашга шошилмаяпти. Чунки бу босқичга етиб келиш учун аввал плей-оффда бениҳоят масъулиятли ва қийин учрашувлар кутмоқда. 26 март куни Сергей Ребров шогирдлари Швецияга қарши майдонга тушади. Бу жуфтлик ғолиби Польша — Албания баҳсида зафар қозонган жамоа билан финал плей-оффида тўқнаш келади. Фақат ана шу босқич ғолиби Жаҳон чемпионати–2026 учун йўлланмани қўлга киритади.

Шевченко таъкидлаганидек, бугун футбол жаҳоннинг ҳар бир нуқтасида жуда юксак суръатда ривожланмоқда ва рақиб танлаш деган тушунча амалда йўқолиб бормоқда. Ҳар бир жамоа рақобатбардош, ҳар бири жиддий қарши туришга қодир. Шу сабаб Украина учун энг тўғри йўл — аввало плей-оффни босиб ўтиш, шундан кейингина гуруҳ учрашувларини ўрганиш ва стратегия белгилаш.

Эслатиб ўтамиз, 5 декабрь куни Вашингтон шаҳрида Жаҳон чемпионати–2026нинг финал босқичи учун қуръа ташланди. Бу жараён Украина учун катта руҳий куч берилган маросим бўлди, аммо ҳали асосий синов — плей-офф ўйинлари олдинда турибди. Мухлислар эса жамоадан янги саҳифани ёзиш, мана шундай қийин шароитда катта ғалабага эришишни интизорлик билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Шевченко Украина мақсади ва ЖЧ қуръаси ҳақида гапирди