
Ҳаётимизни ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилолмаймиз. Гаджетлардан фойдаланиш оддий ва оммавий бўлган даврда яшаяпмиз. У орқали пул топиш ёки бўлмаса яқинлари билан суҳбатлашиш, маънавий хордиқ олиш, илм ўрганиш имконияти бор. Умуман олганда унинг бир қатор афзалликларини ва турли салбий жиҳатларини ҳам санаб ўтишимиз мумкин. Бироқ, бу жиҳатлар ичида энг ёмони бугун жиноятчига айланаётган фойдаланувчиларнинг борлиги ҳисобланади. Ҳа, улар ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракати сабаб 3-5 йил умрини қамоқда ўтказишга маҳкум этилганлардир.
АzonTV онлайн телеканали “Фикрат” таҳлилий кўрсатуви орқали “Диний экстремизм” деган гап хато. Динда экстремизм йўқ!” мавзусида суҳбат ташкил этилди. Сиёсатшунос Нуриймон Абулҳасан ва адвокат Жаҳонгир Муталибов айни шу масалада ўз фикрини билдирди.
Ғайратхўжа Сайдалив, журналист: Бир канал очилди ёмон ниятда. Ўзбекистонда тақиқланган ва оддий одамлар ҳам буни қабул қилмайди. Дейлик буни прократура шуғулланиб олий суд орқали тақиқлади. Бу гуруҳ учун ҳаволани битта рақамга, белгига ўзгартириш нима қийинчилик туғдиради? Бу ҳеч нарса эмас. Канал бўлса, оддий одам уни қандай фарқлай олади? Буни тақиқланганини қаердан билиш мумкин? Ахир мана шу билмаслик ортидан қанчадан қанча бегуноҳ одамлар жабр кўряпти.
Нуриймон Абулҳасан, сиёсатшунос – Биз одамларда шундай иммунитет ҳосил қилишимиз керак-ки, ҳар қандай гаджетларига келган нарсани жўнатишдан олдин эҳтиёт бўлиши керак. Бу масаланинг бир жиҳати. Агарда биз Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексидаги 244-модда, 155-моддаларимизни қарайдиган бўлсак, буларни қабул қилинганига 15 йилдан ошиб қолди. 15 йил аввалги билан бугунги жараён фарқ қилади. Аввалги жиноят кодексидаги моддалар билан ҳозир қотиб қолсак, бу масала ҳал бўлмайди.
Менинг фикримча, ижтимоий тармоқлар бўйича алоҳида таснифлаш керак. Масалан, мен докторлик ишимни “Виртуал оламда диний мазмундаги таҳдидларни жамият сиёсий барқарорлигига таъсири” мавзусида ҳимоя қилдим. Тавсиялар ишлаб чиққанимда, биринчи таклифим ҳозир мавжуд бўлган диний экстремизм сўзидаги “диний” жумласини олиб ташлаш кераклиги бўлди. Сабаби, динда экстремизм йўқ. Мусулмонни террорист деб аташ нотўғри деган масалани ишимда кўрсатганман.
Иккинчи масала авваллари виртуал тартиблар йўқ эди. Шу сабаб энди уни таснифлашга эҳтиёж бор. Материални юбордими, суҳбат чоғида ҳаққоний экстремистми ёки йўқ, маълум бўлади. Агар у экстремист бўлса, давлат тўнтаришини қилмоқчи эканини тан олади. Уларга шундай тушунтиришган ва бундайлар фикридан қайтмайди. Лекин, ўсмирларни ана шундай моддалар билан жавобгарликка тортмаслигимиз керак-ку?! Ахир бу болалар бизнинг фарзандларимиз! Эртага қамалса, бизга душман бўлиб чиқадими?! Улар ҳеч қачон бу ишдан рози бўлмайди, ёмон тарафи яқинлари, оиласининг ҳам давлатга нисбатан салбий муносабат шакилланиш эҳтимоли бор.
Таклифим, бугун барча имкониятлар бор ва, айниқса, ҳуқуқшуносларимизнинг халқаро даражаларни ўрганаётган бир вақтда 15 йиллик масалани қайта кўриб чиқишимиз керак. Гарчи 2019 йилда экстремизм қонунини қабул қилиб “диний” атамасини йўқотган бўлсакда Жиноят кодексида “диний экстремизм” жумласи бор. Соҳа вакиллари бу масала бўйича ҳам ишлаши керак. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги турли таъқиқланган материалларни билмай бир-бирига жўнатаётган, гегабайтини қизғаниб очиб кўрмаётганлар ҳам жавобгарликка тортиляпти. Уларнинг жиноятчи бўлиши қай даражада тўғри, буни ҳам кўриш лозим.
Жахонгир Муталибов, адвокат: Жиноят Кодексининг 244 прим 1 моддаси 2016 йил пайдо бўлди. Ундан олдин бундай модда йўқ эди. Бугунги кунда бу модда амалда. Мана шу модда таъсир доирасига тушган айбланувчи, судланувчи, махбус ва маҳкумлар бор. Жиноят кодекси бу каби моддаларга нисбатан ишлаб бўлган. Мана шу моддага кўра жиноят содир этилдими ёки йўқми аниқлаш имкони бор. Биринчи навбатда бу жиноятни қасддан содир этилаётгани таркиби ҳисобланади. Эҳтиётсизлик бўлса бу жиноят таркибини бермайди. Юристлар буни қасдини топиши керак. Бунда терговчининг зийраклиги талаб этилади.
Жиноят Кодексининг мазкур моддасини тўғридан-тўғри қасддан содир этиш таркибига киргизиб қўйган. Аслида, эҳтиётсизлик оқибатида содир этсангиз, бу жиноят таркибини бермаслиги керак. Сабаби, бу жамоат хавфсизлиги ва жамоатга таҳдидлар туркумига киради. Жамоат хавфсизлигига сиз эҳтиётсизлик оқибатида хавф туғдиролмайсиз.
Бугунги кунда терговчиларнинг бу каби масалаларни ечишда юридик малакалаш қобилиятлари талаб даражасида эмас. Бир одам айбланяпти ва судга борганда оқланяпти. Унга маънавий зарар етади. Президентимиз ҳам мавжуд вазиятдан ташвишланиб бош прокурорга мурожаат қилганда, бош прокуроримиз 30 фоиз кадрларнинг ёш эканлиги, устоз-шогирд анъанасининг йўқлиги ва яхши мутахассисларнинг нафақага чиқиб, бошқа соҳаларга ўтиб кетгани сабаб бўляпти деди.
Шу ўринда давлатнинг инсонпарварлик жиҳати ҳам бор. Масалан, гувоҳ ва айбланувчининг фикри икки ҳил бўлса бунда уни айблаб бўлмайди. Ўша вақт терговчи яна битта гувоҳ топади. Агар 2 нафар бўлса унда ўтади. Ҳозир эса гувоҳсиз ҳам одамлар айбланяптида. Телефондаги материал борлиги одамнинг қасд қилганини исботламайди.
Масалан, Андижонда бир ишда қатнашдим. Унда ака тақиқланган материални ўзининг укасига юборган ва бу қариндошлар гуруҳига ташланган. Улар кўрмаганмиз дейишса ҳам қасддан тарқатилмаганига далил йўқ. Бугунги кунда бу ҳолатларга Россия-Украина урушининг ҳам таъсири бор. Ҳатто БМТ ҳам бу ҳолатни маъқулаб кетди. Сабаби, кичик хатонинг олдини олиш билан катта муаммолар олди олинади. Судларда бу каби ишларни кузатганимизда материалнинг "А" шахсдан "Б" шахсга жўнатилгани инобатга олиняпти. Нима мақсадда қилингани, қасд ёки йўқми, аҳамиятсиз.
Журналист мавзуга тўхталар экан яқин кунларда бўлган ва ўзи расман иштирок этган бир масала ҳақида сўз юритди.
Ғайратхўжа Сайдалиев, журналист: Бунёд исмли дастурчи йигит, танишимиз ижтимоий тармоқда бепул одамлар фойдаланиши мумкин бўлган гуруҳ ташкил этмоқчи бўлди. Буни тўғри ва ҳаққоний йўлга қўйиш мақсадида диний идораларга расмий мурожаатлар қилган, биз билан ҳам боғланиб турган. Шундай вақтларда хориж адабиётларидан бир қанчасини кўчириб, диний идорага тасдиқлатиш учун тўплаган. Ҳуқуқ тартибот идоралари келиб уни компютерини кўрганида ўша материалларнинг борлиги сабаб жавобгарликка тортилди. Афсуски, қанча ҳаракатлар қилмайлик, апеляция бўлмасин ёш йигит 5 йилга қамалди. Россиядаги кучли дастурчиларни олиб келяпмиз. Ачинарлиси, қанчадан қанча ўзимизнинг қобилиятли дастурчиларимиз панжара ортида.
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар