16:30 / 03.12.2022
1 359

Андижондаги автобус билан боғлиқ ЙТҲ ҳолати бўйича кенг қамровли тергов олиб бормоқда

Андижондаги автобус билан боғлиқ ЙТҲ ҳолати бўйича кенг қамровли тергов олиб бормоқда
Фото: ИИВ ахборот хизмати
Бугун, 3 декабрь куни ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги департаменти томонидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур уюштирилди. Қамчиқ довонининг «Чинор» ва «Наманган» йўл-патруль хизмати масканларида «яшил» ва «қизил» йўлак тизими ишга тушиши ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тамойили ҳам тушунтирилди.

Ангрендан ўтиб, «Қамчиқ» довонининг бошланишида фаолият юритаётган «Чинор» мунтазам ЙПХ постида йўлга қўйилган «Яшил йўлак» тизими йўл ҳаракати хавфсизлиги ва маълумотлар алмашинувининг барча жиҳатларини ўзида жамлагани ва бу борада илк амалга оширилган лойиҳа эканлиги эътиборга молик. Кейинчалик қолган 28 та мунтазам постларда ҳам бу тизим йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Тизимнинг ишлаш принципи оддий ва самарали: йўлда келаётган автомобилнинг узоқдаги табло орқали қизил ёки яшил йўлаклардан бирига йўналтирилади. Қизил йўлакка йўналтириш сабаблари турлича бўлиши мумкин: ортиқча юк, тўланмаган жарималар, ҳужжатлардаги камчиликлар каби омиллар туфайли автомобиль ҳаракатдан тўхтатилади.

Шу ернинг ўзида барча масалалар ечилиши мумкин, яъни жарима тўланиши ва тақиқлар ечилиши, ортиқча юк туширилиши, зарур ҳолатларда суғурталар расмийлаштирилиши ва ҳайдовчи ўз йўлида давом этиш имкониятига эга.

Тадбир якунида ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири мутасаддиларга «Андижонда автобус ҳамда юк автомобили тўқнашиши натижасида бир неча киши вафот этди ва жароҳатланди. Маълумотларга кўра йўл қурилиш билан шуғулланувчи ташкилот ЙҲХХ билан ўзаро келишмаган ҳолда қарама-қарши йўналишда ҳаракат ташкил қилгани ана шу ЙТҲ содир бўлишига сабаб бўлган. Бу ўз тасдиғини топдими, айбдорларни жазога тортиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда ва бу борада тергов ҳаракатлари олиб бориляптими?» дея савол берди.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи, полковник Олим Саидов саволга қуйидагича жавоб берди:

– Андижон вилоятидаги аянчли ЙТҲ А373 йўлининг Бўстон туманида содир бўлган. Бу йўлнинг шу қисми 2013 йилдан буён таъмирлаб келинган ва ишлар якунига етказилмаган. 1100 метр қисмида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш белгиланган. ЙТҲ ҳам айнан мана шу қисмда содир бўлган. Чиндан ҳам ЙҲХХ билан ўзаро келишилмаган ҳолда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш йўлга қўйилган. Бундан ташқари туман, ноқулай об-ҳаво, ҳайдовчининг хатоси каби омиллар сабаб бўлиб, шу ЙТҲ юз берган.

Айни пайтда бу масалада хизмат текшируви ўтказиляпти. Ҳайдовчи ва ЙҲХХ ходимларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигига прокуратура томонидан ҳуқуқий баҳо бериш учун тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Йўл таъмирлаётган ташкилот ҳам прокуратура томонидан терговга жалб қилинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижондаги автобус билан боғлиқ ЙТҲ ҳолати бўйича кенг қамровли тергов олиб бормоқда