date
views 1 163

Экспертлар президент мурожаатномаси ҳақида нималар деди?

Экспертлар президент мурожаатномаси ҳақида нималар деди?
20 декабр куни президент Мирзиёев Парламент қўшма палаталари ва халққа мурожаат қиларкан, ўтган йилни сарҳисоб қилиб, келаётган 2023 йил учун сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа йўналишлардаги бир қатор режа, ислоҳотларни таклиф қилди.

Kun.uz мухбири президент мурожаатномаси ва унда кўтарилган энг муҳим мавзулар атрофида журналист Шароф Убайдуллаев, иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ва таълим масалалари бўйича эксперт Баҳодир Ғаниев билан интервью ўтказди.

— Баҳодир ака, президент мурожаатномасида энг кўп гапирилган мавзулардан бири мактаб, таълим ва унинг сифатини ошириш ҳақида бўлди.

Биз сал туриб уни қандай ўнглаш, бу йўлда қилинадиган ишлар мавзусига ҳам ўтамиз. Лекин бундан аввал келинг, бугун ўзбек таълими, аниқроғи мактаб таълими сифат жиҳатидан қайси босқичда, қайси даражада эканига бир ойдинлик киритиб олсак. Яъни сиз эксперт сифатида халқ таълимидаги муаммолар картинасини қандай кўрасиз, у бугун қайси босқичда?


— Албатта, давлат раҳбарининг таълим масаласига катта урғу бериб, уни йилнинг энг асосий реформаси сифатида белгилаши яхши, лекин маърузада бу бўйича бирор аниқ таклиф ёки ўша саволга жавоб кўрмадим. Демак таълим борасида давлат нима қилмоқчи экани ҳали биз учун қоронғи масала.

Тарихга назар солсак, таълим билан нималар қилишмади ўзи деган картина кўз олдимизга келади. Унда таълим тегилмаган, таълим гапирилмаган даврнинг ўзи бўлмади. 30 йил ичида таълим шу даража трансформациялардан ўтдики, у қайси концепция асосида ўзгартирилгани ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Аввало биз совет таълим тизимини 9 йил мактаб, 3 йил профессионал таълимга ўтказишга ҳаракат қилдик. Лицейлар ва коллежларнинг ўзига бутунлай бошқа концепция асосида қаралди.

Бундан ташқари, ўша даврнинг ўзида таълим дастурлари бир неча ўзгаришларни бошдан кечирди. Унинг орасида таълим методикаларини ўзгартиришга ҳаракат қилинди. Охирги тўрт йилда ҳам дарсликларнинг деярли ҳар йили ўзгариши, ўқитувчилар малака ошириши бўйича яна янги ислоҳот эълон қилиниши, 11 йилликка қайтилиши...

Яъни таълим шунчалик эътиборсизлик билан ўзгартирилдики, бундан кейин ҳам эътибор қилинишига одам ишонмай қўйди. Таълим яна реформа бўларкан деса одамларда ишонч ҳам қолмади. Реформа бўладими-йўқми ва бўлса, самара берадими-йўқми?

Таълимнинг ўзидаги муаммоларга қайтадиган бўлсак, таълим бугун комада. Хўш, бугун унинг дастури билан 11 йил ўқиган болаларнинг неча фоизи ўша малакага эга бўлиб чиқяпти?

Агар таълимдаги дастурнинг ўқувчилар томонидан ўзлаштириш кўрсаткичи 70-80 фоиз бўлса, унга сарфланган пул ўзини оқлаяпти, деса бўлади. Лекин бугун 11 йиллик таълим дастури билан 100 нафар болани ҳақиқатда синовдан ўтказинг-чи, неча фоизи талабга жавоб беради?

Ичида 10 фоизи борки, ёзиш, чизишни билади-да, ундан уёғига ўтмаган. Ичида тўртинчи, бешинчи синфида нимадир олгани бор ва бир, икки фоиз зўр ўқиб, таълим дастурларини 70-80 фоиз ўзлаштиргани бор.

Яъни бугун таълимга қайси томондан қараманг, ҳамма йўналишида муаммоси бор. Масалан, инфратузилма етишмовчилиги. Битта синфда қирқ нафар бола ўтираркан, сифат ҳақида гапиришнинг ўзи жуда қийин. Сабаби халқаро методикалар ҳам борки, унда битта одамнинг дарс давомида қанча ўқувчига эътибор қарата олиши белгиланган. Қирқ нафар бола эмас албатта. Йигирма, йигирма бештадир кўпи билан. Ўқитувчиларнинг малакаси масаласи бор. Бундан ташқари, таълим муассасаларида менежмент масаласи бор. Яъни бошқарув, унинг директори, директор ўринбосарлари масаласи. Вазирлик даражасида таълим менежменти қандай?

Бундан ташқари бизда мактаблар олий таълим билан уйғунлашганми-йўқми деган савол ҳам бор. Яъни ўша 70-80 фоиз бола олий таълимда ўқишга тайёрми-йўқми? Демоқчиманки, таълимда қайси томонга қараманг, муаммо. Лекин буларнинг ичида ҳам энг катта муаммо бу малакасизлик. Тотал малакасизлик. Ўқитувчилардан тортиб бошқарма, бошқармадан тортиб вазирликкача. Бу масалани ечмасдан туриб, бошқа масалаларга ўтиш қийин.

Чунки бинолар, уларнинг иситиш тизими каби масалаларга катта ақл керак эмас. Улар пул билан битадиган масалалар. Бепул тушлик масаласини ҳам мен ҳозир кўтармаган бўлардим.

Ҳозир яна бир қизиқ масала кетяпти, таълимга масъулларимиз Финландия моделига ўтишимизни айтишмоқда. Шу одамлар Финландия модели нима эканини ўзлари тушунармикан?

Масалан, бу моделнинг бир нечта асосий устуни бор. Унинг энг кучли устуни бу ўқитувчиларнинг малакаси. Финландияда ҳамма ҳам ўқитувчи бўлолмайди. Ўқитувчи етиштирадиган университетларга танлов жуда катта. Ўқитувчилар давлатнинг энг кучли ҳимояланган қатлами ва шунга яраша талаблар ҳам жуда юқори. Бу ўқитувчиларсиз фин таълим тизимини эсдан чиқарса ҳам бўлади. Лекин биз бу моделга ўтишдан олдин 500-600 минг шундай ўқитувчини қанча вақтда тайёрлай оламиз деган савол ҳам бор.

Чунки шундай малакали ўқитувчилар бўлгани учун ҳам финларда таълим дастури эркинлиги бор. Ўқитувчи ўзи ва болаларига мослаб дастур қилиши мумкин. Таълим тизимида ҳар бир ўқувчининг ўзлаштиришига индивидуал қараш бор. Яъни бизда ҳамма нарса стандартлашган. Бизда ҳар бир фан бўйича ҳар бир ўқитувчининг дастури бор. Унда биринчи, иккинчи ҳафта қайси мавзулар ўтилиши белгилаб қўйилади. Финландияда эса индивидуал.

Ва учинчидан, Финландияда мактаблар учта бир-биридан фарқ қиладиган ва алоҳида биноларга эга бўлган тизимдан иборат. Бошланғич, ўрта ва юқори мактаб. Бошланғич мактабда ўқувчилар айрим фанларни танлаш имкониятига эга. Кейинги уч йилда кўпроқ ва юқори синфда ўқувчилар тўлиқ ихтисослашади.

Масалан, тарихчи бўлмоқчи бўлган бола математикани умуман ўқимаслиги мумкин. Бизда буни қилиш учун ҳозир на инфраструктура бор, на ўқитувчилар малакасига эътибор берилган ва на молиялаштирилган. Бунга ҳали бизда асос йўқ. Буни ҳозир қандай қилишаркин деяпман-у, лекин саволимга жавоб тополмаяпман.

Илёс Сафаров тайёрлади
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Экспертлар президент мурожаатномаси ҳақида нималар деди?