
Нотўғри уланган газ: 3 кишининг умрига зомин бўлди
Жорий йил 2 декабр куни Гулистон шаҳри Тараққиёт маҳалласида фаолият юритган Bek Family Cafe умумий овқатланиш шохобчасида суюлтирилган газбаллони портлаши оқибатида юз берган мудҳиш ҳодисадан сўнг, корхона масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очилди ва улар ҳибсга олинди.
Терговга қадар тўпланган дастлабки маълумотларга кўра, фожиа ошхонадаги ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги пропан газбаллонидан углеводород газининг сизиб чиқиши натижасида ҳаво билан аралашма ҳосил бўлиши ва унинг чақнаши оқибатида даҳшатли портлаш юзага келган.
Қурбонлар ва давом этаётган даволаш
Ушбу портлаш оқибатида жами 29 нафар фуқаро ҳар хил даражадаги куйиш жароҳатлари олиб, шошилинч тиббий ёрдам марказига етказилган. Афсуски, олинган оғир тан жароҳатлари туфайли 3 нафар фуқаро вафот этган.
Жабрланувчилардан 5 нафарига зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволи қониқарли деб топилгач, уйига жавоб берилди. Қолган беморларга стационар шароитида малакали тиббий хизмат кўрсатиш давом эттирилмоқда.
3 нафар раҳбар ҳибсда, тергов назоратда
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан жиноят иши очилган. Хусусан, Bek Family Cafe МЧЖнинг 3 нафар мансабдор шахси процессуал тартибда қамоққа олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг бир нечта оғир моддалари:
– 192¹¹-модда (хавфсизлик қоидаларини бузиш),
– 257-модда 2-қисми “а, б”,
– 259-модда 2-қисми “а, б” бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда Ички ишлар вазирининг ўринбосари – ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов бошчилигида ҳамкор идоралар мутахассисларидан иборат тергов гуруҳи томонидан барча зарур тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Тергов жараёни қатъий назоратга олинган бўлиб, унинг якуни бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилиши режалаштирилган.
Бу ҳодиса яна бир бор хавфсизлик қоидаларига бефарқлик қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эслатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.