date

Венгриянинг «Смарт қишлоқ» тажрибаси Ховосда синовдан ўтади

Венгриянинг «Смарт қишлоқ» тажрибаси Ховосда синовдан ўтади

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик яна бир муҳим амалий қадам билан бойиди. Венгрия давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазири Тибор Наврачич иштироки билан ўтган учрашувда янги қатор ташаббуслар бўйича келишувга эришилди. Энг асосийси – Венгриянинг замонавий «Смарт қишлоқлар» концепцияси Сирдарё вилояти Ховос туманида пилот лойиҳа сифатида жорий этилади.

Учрашувда Сирдарё вилояти ҳокими Эркин Турдимов ва Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Улуғбек Ҳусаинов ҳам иштирок этди. Томонлар сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ишончга асосланган дипломатик муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини қайд этишди. Бу ҳамкорлик нафақат сиёсий, балки иқтисодий ва инновацион соҳаларда ҳам кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Мулоқотда Венгрия тажрибасини асос қилиб, давлат бошқарувини модернизация қилиш, рақамлаштириш ва ижро интизомини кучайтириш каби йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди. «Смарт қишлоқ» модели Ховосда замонавий инфратузилма, рақамли хизматлар ва қулай бизнес муҳитини шакллантиришга қаратилган бўлади.

Томонлар қуйидаги катта лойиҳалар бўйича дастлабки келишувга эришгани алоҳида аҳамиятга эга:

Ховос туманида 50 гектар майдонда Ўзбекистон–Венгрия технопарки ташкил этиш;
– Венгриянинг Будапешт шаҳрида тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ўтказиш;
– Гулистон давлат университетида Венгриянинг МАТЕ университети билан ҳамкорликда балиқчилик факультетини очиш;
– Инновацион бошқарув усулларини жорий этишга қаратилган бир қатор қўшма дастурлар.

Учрашув якунида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Венгрия Давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ҳужжат доирасида давлат фуқаролик хизмати, кадрлар тайёрлаш, инсон ресурсларини бошқариш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш ва инновацион бошқарув ечимларини амалиётга жорий қилиш бўйича қўшма йўналишлар белгилаб олинди.

Ушбу келишувлар Ховос туманида замонавий, технологик ва барқарор ривожланиш моделини яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Венгриянинг «Смарт қишлоқ» тажрибаси Ховосда синовдан ўтади