Болалигимда мен насронийлик якшанбалик мактабга боришни яхши кўрардим. Ўшанда ўзимга ўзим Муқаддас Китобни бошидан охиригача ўқишга ваъда берганимни эслайман.
Йиллар ўтди. Турмушга чиқиб, икки фарзанднинг онаси бўлдим. Кунларнинг бирида черковга боришга қарор қилдим. Аммо энди болаликдаги илиқлик йўқ эди. Черков роҳибалари ҳақида турли гап-сўзлар, оиладаги зўравонлик ва ҳоказолар бунга сабаб бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, мен бу жой аввалгидек эмаслигини ҳис қилар эдим.
Болалигимда бирор нотўғри иш қилганимда ёки Худонинг ёрдамига муҳтож бўлганимда, энг яқин черковга бориб, Худодан менга ёрдам беришини ва мени кечиришини сўрардим. Энди, катта бўлиб, тиз чўкиб, бир пайтлар отам менга ўргатганидек, Худодан мени тўғри йўлга бошлашини, гуноҳларимни кечиришини, бошқаларга яхшилик қилишимга ёрдам беришини сўрадим. Чунки мен аввалги ишончни йўқотган ва илгари менда бўлган эътиқодлардан узоқлашиб кетгандек эдим.
Эртаси куни Муқаддас Китобни сотиб олишга ва уни бошидан охиригача ўқиб чиқишга қарор қилдим. Яқинда бўлган китоб дўконида сотувга қўйилган Муқаддас Китоб нусхаларидан бирини олдим, лекин тўғридан-тўғри кассага бориш ўрнига, саҳифаларини варақлай бошладим. Бир пайт мен бошимни кўтариб қарасам, пештахтадаги устига «Қуръон» деб ёзилган китобга кўзим тушиб қолди. Инжилни жавондаги ўрнига қўйиб, Қуръонни олдим, уни очдим ва у ерда Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Юсуф каби турли пайғамбарлар билан бирга Исонинг исмини кўриб ҳайратда қолдим.
Мусулмонлар ҳам биз ишонган пайғамбарларга ишонишларини тушуниб ҳайратда қолдим. Натижада мен Қуръон сотиб олиб, уйга олиб келдим. Мен бу китобни ўқий бошлаганимда, кеча тунда Худодан сўраган йўлланма ўзимнинг қўлимда эканлигини аста-секин англаб етдим. Вақт ўтиши билан мен Қуръондаги хабарлар бутун инсоният учун эканини англадим. Шундан сўнг Исломни қабул қилдим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
«…Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни тўкис қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим...» (Моида, 3).
«У Зот сенга Китобни ҳақ ила ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи қилиб нозил қилди ҳамда Таврот ва Инжилни нозил қилди…» (Оли Имрон, 3).
Кўпчилигимизга маълумки, Инжилнинг Янги Аҳди Исо алайҳиссалом кетганидан кейин ўнлаб йиллар ўтгач тузилган. Бундан ташқари, Инжил асрлар давомида кўп марта қайта ёзилган, таржима қилинган ва натижада унинг ҳозирги шакли асл нусхадан сезиларли даражада фарқ қилади. Аллоҳ таоло буни билишимизни хоҳлайди ва Қуръонда бу ҳақиқатга ишора қилади.
Назаримда, кимдир тўғри йўлга киришни истаса, дуо билан юзлансин, сидқидилдан Аллоҳдан ҳидоят, нажот ва мағфират сўрасин – Аллоҳ хоҳласа, бунга жавобан сизни Исломга йўналтиради.
Абу Ҳурайра Абдурраҳмон ибн Сахр разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар. Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар. Сизлардан аввал ўтган қавмларни ҳалок қилган нарса уларнинг ўз пайғамбарларига кўп савол бераверишлари ва кўрсатмаларига хилоф иш қилишлари бўлган". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ойша Ҳасан (Жаклин Рут Пью)
Муҳаммад Ҳаниф Шаҳиднинг «Аёллар нега Исломни қабул қилишмоқда?» китобидан.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)