date
views 682

Савобларни ёқиб, йўқ қилувчи амал

Савобларни ёқиб, йўқ қилувчи амал

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ўзаро кек-адоват ва ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан юз ўгириб кетманглар, (балки) Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлинглар! Мусулмон (киши) биродарини уч кундан ортиқ ҳажр қилиши (яъни, аразлаб, гаплашмай юриши) ҳалол эмас!” (Бухорий, Муслим, “Сунан” соҳиблари ривояти).

Мусулмон инсон биродарини Аллоҳ розилиги учун яхши кўради, унга хайрихоҳ бўлади, унинг фойдасини кўзлайди, зиёнини истамайди. Энди ким мусулмон биродарини нафси учун ёмон кўрса, унга эзгулик эмас, қабоҳатни раво кўрса, унинг имони жуда заиф экан. Чунки Аллоҳга ва охират кунига ишонган инсон биродарига адоват қилмайди. Адоват қилган кимса охиратдан дунёни, ўткинчи матоҳларни устун билибди. Бундай кимса маломатга лойиқдир.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аввал ўтган умматлар касаллиги сизларга (махфий тарзда) ўтган. (Бу:) ҳасад ва нафрат-адоватдир. У (яъни, буғзу адоват) қирувчидир. Мен: “У сочларни қиради”, деб айтмайман, балки динни қиради. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, имон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Бир-бирларингизни яхши кўрмагунингизча (комил) мўмин бўлмайсиз. Сизларга, шуни (яъни, ораларингиздаги меҳр-муҳаббатни) мустаҳкамлайдиган нарсани айтайми? Ўрталарингизда саломни ёйинглар!” (Термизий, Аҳмад, Байҳақий ривояти. Ҳадис санади ҳасан).

Бу ерда ҳасад ва адоват нима учун касаллик дейиляпти? Чунки иккиси қалб касалликларидан саналади.

“Мен: “У сочларни қиради”, деб айтмайман, балки динни қиради”, дейиш билан ўзаро адоват ва ҳасад кишининг динига, дунёсига, охиратига катта зарар етказишига ишора қилинмоқда.

Тийбий айтади: “Устара тукни қирганидек адоват ҳам динни қиради”. (Муборакфурий, “Туҳфатул Аҳвазий”)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимга (аввалги) умматлар касаллиги юқади”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, (аввалги) умматлар касаллиги нима?” деб сўралди. У зот: “Манманлик (ёки ношукрлик), кеккайиш (ёки нонкўрлик), (мол-дунё ва бол-чақа) кўпайтиришда кимўзарга ўйнаш, дунёда бир-бирига қараб нарх-навони кўтариш, бир-бирини ёмон кўриш, бир-бирига ҳасад қилиш. Ҳатто (ораларида) зулм-адолатсизликкача боради”, дедилар” (Ҳоким ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Бу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажакда бўладиган айрим воқеалар ҳақида хабар бермоқдалар. Унга кўра, Ислом уммати аъзоларига ҳар хил маънавий касалликлар юқади. Жумладан, кибр-манманлик, ғурур, неъматларга ношукрлик, ўзидан кетиш, бойлик ва фарзанд орттиришда кимўзарга ўйнаш, солиҳ амаллар бир ёқда қолиб, фақат дунёга эришишда мусобақалашиш, бир-бирини хушламаслик, ўзаро ҳасад, нафрат-адоват ва ҳаказолар. Имони бор инсон бу иллатлар йироқ юради, Аллоҳга дуо қилиб, қалбини маънавий касалликлардан сақлашини сўрайди. Қуруқ дуо билан чекланмасдан ўзи ҳам ҳаракат қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳасаддан сақланинглар! Зеро, ҳасад худди олов ўтинни ёндир(иб, кул қил)ганидек савобларни йўқ қилади”, деганлар” (Абу Довуд, Ибн Можа, Байҳақий ривояти. Ҳадис санади заиф).

Пайғамбар алайҳиссалом ҳасадни ловуллаб ёнаётган оловга ўхшатяптилар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани ёндириб ташлайди. Худди шунга ўхшаб ҳасад ҳам, аввало, ҳасадчининг ўзини куйдиради, унинг ҳаётини заҳарга айлантиради, ҳузур-ҳаловатини ўғрилайди. Кейин аланга олиб, йўлида нима чиқса, ҳаммасини ёндириб-куйдириб юборади. Энг ёмони банда машаққат чекиб ишлаган ажр-савобларни ўчириб ташлайди. Чунки ҳасадчи “рақиби”ни ғийбат қилади, ҳақоратлайди, сўкади.

Агар ҳаддидан ошса, молини ўзлаштириши, ҳатто жонига қасд қилиши ҳам мумкин. Охиратда ҳар бир иш ҳисоб қилинганида мазлумнинг ҳаққи золимдан олиб берилади. Ана шунда ҳасадчининг савоблари ҳасад қилинган одамга ўтади. Агар қарз узилмасидан олдин ҳасадчи ҳисобида савоблари қолмаса, зулм кўрган одамнинг гуноҳлари унинг зиммасига юкланади. Ҳасадчи дунёда минг азоб ичида, руҳий изтиробда ўтган эди. Охиратда ҳам унинг ҳоли танг бўлиб қолади.

Замра ибн Саълаба розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар одамлар бир-бирларига ҳасад қилишмаса, яхшиликда бўладилар” (Табароний ишончли кишилардан ривоят қилган).

Ҳасадчилар кўп бўлган жамиятда тараққиёт бўлмайди. Бир қарашда ривожланиш кузатилса-да, у ердаги муносабатлар тагидан зил кета бошлайди. Чунки ҳасад урчиган жойда меҳр-оқибат, инсонийлик каби хислатларни кундузи чирой ёқиб ҳам топиб бўлмайди. Бири иккинчисининг тагига сув қуйиш, пайини қирқишга уринганидан кейин қандай қилиб тараққиёт бўлсин!?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мўмин банда ичида Аллоҳ йўлидаги чанг ва жаҳаннам олови жамланмайди. Бир банда ичида имон ва ҳасад жамланмайди” (Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Бу ҳадиси шарифга кўра, икки турдаги нарса қалбда жам бўлмайди:

Биринчиси: Аллоҳ йўлида амал қилиб ёки курашиб, чанг ютган одамнинг ичига дўзах олови кирмайди. Бундай банда жаҳаннамдан озод этилиб, жаннатга киритилади.

Иккинчиси: Мўмин банда қалбида имон билан ҳасад жамланмайди. Қалбда имон бўлса, уни ҳасад иллатидан поклайди. Бу, мўмин киши бошқаларга ҳасад қилмайди, деганидир. Демак, имон бор қалбда ҳасад, ҳасад бор қалбда комил имон бўлмайди.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳасадчи, ғийбатчи, коҳин биздан эмас. Мен ҳам ундан эмасман!” (Табароний заиф санад билан ривоят қилган).

Ҳасадчи, ғийбатчи, коҳин Ислом умматидан эмас, дейилмоқда бу ҳадисда. Ўзини билган одам учун бу жуда оғир гап, қаттиқ огоҳлантириш.

Давоми бор...

Зиёвудин Раҳим

Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Савобларни ёқиб, йўқ қилувчи амал