
Яқин вақтлар ичида футбол ишқибозлари уйда ўтирган ҳолда ҳам ўзини Мадриддаги афсонавий “Сантьяго Бернабеу” стадионида ўтиргандек ҳис қилиши мумкин. “Реал Мадрид” президенти Флорентино Перес клуб томонидан йирик “Virtual Reality” — виртуал реаллик лойиҳаси устида қизғин иш кетилаётганини расман маълум қилди.
Переснинг таъкидлашича, бу лойиҳа жаҳон футболида мутлақо янги босқич очиши мумкин:
“Дунёда қаерда яшашидан қатъи назар ҳар бир мухлис ўйинни худди Бернабеуда жонли томоша қилаётгандек ҳис этади. Бу спорт тарихида революция бўлади”.
Apple компаниясининг вице-президенти Эдди Кю ҳам лойиҳанинг салмоқли имкониятлари ҳақида фикр билдириб, шундай деди:
“Яқин келажакда 200 миллиондан зиёд мухлис ўйинни деярли стадионда ўтиргандек қабул қилади — овоз, муҳит, ҳаяжон ва тўлиқ иштирок билан. Футболдаги тажриба тамоман бошқа даражага кўтарилади”.

Бу инновациянинг мақсади — стадионга бора олмайдиган миллионлаб футбол ихлосмандларига ҳақиқий VIP таассуротни тақдим этиш. Замонавий VR кўзойнаклар, 360° камералар, жонли трансляциянинг янги авлоди ва иммерсив-эффектлар орқали мухлис — қийқин ўйинлар марказида турган одамдек ҳис қилади.
“Реал Мадрид” бу технология билан нафақат трансляция сифатини, балки футболни қабул қилиш маданиятини ҳам тубдан ўзгартирмоқчи. Мухлислар ўз уйидаги креслода ўтириб туриб, стадионнинг шовқини, трибуналар қичқириқлари ва ёқимли адреналинни тўлиқ ҳис қилиши мумкин бўлади.
Лойиҳа жамоатчилик орасида аллақачон катта қизиқиш уйғотган. Мухлислар эса бу имкониятнинг қачон оммага тақдим этилишини интиқлик билан кутаётир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.