date

Шаҳарда чангни камайтириш учун намлаш тадбирлари ўтказилмоқда

Шаҳарда чангни камайтириш учун намлаш тадбирлари ўтказилмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, пойтахт ҳавосидаги чанг миқдори кескин ошган кунларда энг тез таъсир берувчи ва амалий усул сифатида йўл қопламаларини намлаш ишлари жадаллаштирилди. Бу ёндашув тасодифий эмас — у илмий асосланган бўлиб, дунёнинг кўплаб мегаполисларида ҳаво ифлосланиши кўтарилганда қўлланади.

Ҳозирги кунда шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармаси томонидан қатор амалий чоралар кўрилмоқда:

— йўл қопламасини махсус автосистонлар орқали сув билан намлаш;
— шаҳар бўйлаб барча яшил ҳудудларни суғориш;
— фавворалар мавсуми тугаганига қарамай, барча фаввора ва микроиқлим қурилмаларини вақтинча қайта фаол ҳолатга келтириш.

Ҳокимлик бу тактика нега самара бериши ҳақида ҳам изоҳ берди. Уларнинг айтишича, асосий муаммо — ҳаводаги майда заррачалар, яъни PM10 ва PM2.5 чанглар. Йўл намлатилганда ушбу заррачалар сув қатлами билан бирикиб, ерга тушади ва қайта ҳавога кўтарилиш хавфи анча камаяди.

Шунингдек, автомобиллар ҳаракати давомида қуруқ йўл юзасидаги чанг доимий равишда ҳавога кўтарилади. Намланган йўл эса бу “иккиламчи чангланишни” жиддий пасайтиради. Халқаро тадқиқотлар кўрсатишича, айнан шу турдаги чангланиш шаҳар PM чиқиндиларининг 25–40 фоизигача етказиши мумкин.

Йўлларга сув сепиш температурани бироз тушириб, микроиқлимни ҳам юмшатади. Ҳарорат пастайганда чанг заррачалари ҳавода узоқ сакрашмайди, уларни тезроқ чўкитишга ёрдам берадиган табиий жараёнлар фаоллашади. Шу билан бирга, суғорилган дарахт ва буталар ҳам “табиий фильтр” вазифасини яхшироқ бажаради — барглар чангни ушлаб қолади, ҳавони тозалаш жараёни сезиларли даражада фаоллашади.

Ҳокимлик таъкидлаганидек, йўлларни намлаш ҳаво ифлосланишини тўлиқ бартараф қила олмайди, аммо бир неча соат ичида чанг миқдорини кўзга кўринарли камайтириш имконини берувчи энг тезкор чоралардан бири ҳисобланади.

Шу билан бир қаторда, тизимли ёндашув доирасида яна қатор кенг кўламли ишлар ҳам олиб борилмоқда:

— иссиқхона хўжаликларида назорат рейдларини ўтказиш;
— қозонхоналарга махсус фильтрлар ўрнатиш;
— экологик мониторинг ва назоратни кучайтириш.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолига расмий манбалар орқали ҳаво сифати ҳақидаги маълумотларни кузатиб боришни, ифлосланиш юқори бўлган кунларда кўчадаги фаолиятни чеклашни ва зарурат туғилса, ниқобда юришни тавсия этмоқда. Пойтахт атмосферасидаги вазиятни вақтинча бўлса-да енгиллаштириш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Шаҳарда чангни камайтириш учун намлаш тадбирлари ўтказилмоқда