– Қизамиқ кўпайгани ҳақида хабарлар тарқаляпти, бу хабарлар қанчалик асосли?
– Қизамиқ мавсумий касаллик бўлиб, ушбу касаллик асосан куз-қиш мавсумларида рўйхатга олинади. Бугунги кунда қўшни давлатларда қизамиқ касаллиги кўпаймоқда ва четга бориб келаётган қизамиққа қарши эмланмаган аҳоли, болалар орасида қизамиқ билан касалланиш рўйхатга олиняпти.
– Қандай ҳимоялаш мумкин?
– Қизамиқдан ҳимояланишнинг ягона усули – эмлаш. Миллий эмлаш календари асосида ҳар бир ота-она яшаш манзилидаги поликлиникага мурожаат этиб, фарзандини 1 ёшда ва 6 ёшда қизамиққа қарши эмлатиши керак. Касаллик белгилари пайдо бўлиши билан шифокорга ёки тез ёрдамга мурожаат этиш лозим. Беморни алоҳидалаш зарур. Шифокор тавсияси асосида керакли даволаш олиб борилади.
– Қизамиқ асосан қайси ёш гуруҳларида учрайди, белгилари қандай намоён бўлади?
-Қизамиқ ҳар хил сабабларга (вақтинча кўчиб кетган, тиббий чеклов берилган, эмлашдан бош тортган) кўра эмланмаган аҳоли ва болаларда учрайди. Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари яллиғланиши, конъюнктивит, терида ўзига хос босқичма-босқич доғли тошмалар тошиши билан кечади.
– Грипп қандай касаллик ва у қандай йўллар билан юқади?
Грипп бу – ўткир юқумли касаллик бўлиб, зарарлаш ва оғир интоксикация билан кечади. Грипп асосан ҳаво-томчи механизми билан тарқаладиган касаллик. У соғлом кишиларга касаллик ҳаво-томчи йўли билан ўтади. Касаллик атрофдаги соғлом одамларга асосан ҳаво-томчи йўли билан бемор аксирганда, йўталганда, гаплашганда тез юқади. Ҳавода сақланиб турган грипп вируси соғлом одамни тезроқ хасталайди.
– Жорий мавсум юртимизда гриппнинг тарқалиш кўрсаткичи қандай?
– Кўпинча одамлар катта шаҳарларда гриппга дуч келишади. Ҳозирги вақтда грипп бўйича жорий эпидемик вазият сақланиб қолмоқда. 2023 2024-йиллардаги эпидемия мавсумида грипп ва ўткир респиратор инфекциялар бўйича мавсумга хос ҳолат кузатилмоқда.
– Кимлар хавф гуруҳига киради?
– Грипп билан касалланиш аҳолининг ҳар хил ёшлари орасида тақсимланишига келсак, асосан ёш болалар касалланади, фақат шуни айтиб ўтиш керакки, А вирусининг янги тури келтириб чиқарган эпидемияда болалар ва катта ёшдагилар касалланади, аммо касалланиш даражаси фарқи камроқ бўлиши мумкин.
Кўпинча қуйидаги аҳоли гуруҳлари зарар кўради:
- ҳомиладор аёллар;
- 6 ойдан ошган болалар ва нафас олиш тизими ҳамда юрак-қон томир тизимининг айрим сурункали касалликлари бўлган катталар;
- 60 ёшдан ошган шахслар;
- 6 ойдан 59 ойгача бўлган болалар;
- тиббиёт ходимлари;
- меҳрибонлик уйлари, қариялар ва ногиронлар учун “Саховат” интернат уйлари, “Мурувват” ногирон ва ногирон болалар интернат уйлари, болалар майдончалари, болалар уйларида, шунингдек, болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида (мактаб, мактаб-интернатлар) яшовчи шахслар; жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсони бўлганлар.
– Грипп хасталиги катталарда қандай белгилар билан намоён бўлади?
– Грипп нафас йўлларининг яллиғланиши билан бошланиб, кейинчалик беморда тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилиши, бош ва томоқ оғриши, бурун битиши, бурундан суюқлик ажралиши, йўтал, мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, иштаҳанинг бузилиши, баъзи ҳолларда қусиш ҳолатлари кузатилади.
– Аксар беморлар бу касалликни кўпинча оёқда ўтказиб юборади. Бу қанчалик тўғри?
– Касалликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлганда, кўп беморлар тиббий ёрдамга мурожаат қилмайди. Бундай беморларда, айниқса, юрак-қон томир тизимидан кўпинча асоратлар мавжуд. Касаллик янада оғирлашади. Беморлар узоқроқ муддат даволанишига тўғри келади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг