Бугун Ўзбекистондаги 1600 дан зиёд жоме масжидда Қуръони карим хатмонаси ўтказилади.
«5 апрель оқшомида, Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси Қуръон хатмлари якунланиб, барча масжидларда бир вақтнинг ўзида бир неча миллион халқимиз Аллоҳ таолога ёлвориб, дуога қўл очадилар», деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлари идораси.
Аввал хабар берганимиздек, 10 март оқшомида дунё мусулмонлари қатори ўзбекистонликлар ҳам Рамазон ойининг безаги бўлмиш таровеҳ намозини бошлаган эди. Ўтган 26 кун давомида таровеҳда Қуръони карим тиловат қилинди. Бугун Каломуллоҳ хатмонаси якунланади.
Юртимиз мусулмонлари ўзи яшаётган ҳудуддаги жоме масжидларга бориб, хатмона файзидан баҳраманд бўлиши мумкин.
Мусулмонлар идорасига кўра, Қуръон хатмонаси соат 20:20 дан бошлаб «UzReport» телеканали, muslim.uz ва alquran.uz ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали ҳам жонли тарзда эфирга узатилади.
Кўплаб ривоятларга кўра бугун Қадр кечасидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечаси борасида: «У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Лайлатул Қадр «белгилаш кечаси» деган маънони беради. Бу йил давомида қилинадиган турли амаллар, ҳукм, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда, тақдир белгиланадиган муддатдир. Бу кеча ҳақида Аллоҳ таоло: «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят) деб марҳамат қилган. 1000 ой – 84 йилга тенг.
Қуйида Қадр кечаси ва уни қандай ўтказиш хусусида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эълон қилинган мақола эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Қадр кечасининг қандай аломатлари бор?
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади» (Ибн Хузайма ривояти) дедилар.
Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва «Сидратул мунтаҳо» дан (яъни Жаброил алайҳиссалом масканидан) ерга тушади, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади.
Қуръони каримда бундай дейилади: «У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир» (Қадр сураси, 4–5-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини қандай ўтказар эдилар?
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар» (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).
Қадр кечасида гуноҳлар мағфират этилади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Лайлатул Қадрни имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) дедилар.
Қадр кечаси қандай амалларни адо этиш лозим?
Хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бомдод намозини жамоат ила адо қилса, гўё кечанинг барчасида намоз ўқибди» , деганлар (Имом Муслим ривояти).
Дуо қилинг
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам, нима деб дуо қилай?» деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
«Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний» – «Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин» (Имом Термизий ривояти).
Бу кечани ибодат, зикр, тиловат ва бошқа хайрли амаллар билан ўтказиш лозим. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди