
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида қонун устуворлиги ва назоратни кучайтириш бўйича олиб борилган ишлар натижалари маълум қилинди. Инспекциянинг 9 ойлик фаолияти якунларига кўра, мамлакат бўйлаб 3 мингдан ортиқ қурилиш объекти талаб ва меъёрларга жавоб бермагани учун буздирилди.
Ҳозирда республика бўйича 28 мингдан зиёд қурилиш объекти давлат назорати остида турибди. Инспекция ходимлари томонидан жорий йил давомида 317 мингга яқин текширув ва назорат тадбирлари ўтказилган. Уларнинг натижасида қурилишдаги қоидабузарликларни бартараф этиш учун 154 мингдан ортиқ ёзма кўрсатмалар берилган, 7 минг ҳолатда эса масъул шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.
Текширувлар шуни кўрсатдики, баъзи лойиҳаларда қурилиш талаблари тўлиқ бажарилмаган. Натижада 3 мингдан ортиқ объектда буздириш чоралари амалга оширилган. Бу чоралар қурилиш сифатини ошириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўрилмоқда.
Шунингдек, 9 ой давомида 18 минг 965 та кўп қаватли уйнинг техник ҳолати ўрганилган. Натижада 5 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган. Ҳозирда бу кўрсатмаларнинг ижроси доимий назоратда.
Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларида ўтказилган текширувлар ҳам жиддий камчиликларни кўрсатди. Бу соҳада 4 минг 600 дан зиёд қоидабузарлик ҳолати аниқланди ва уларга нисбатан белгиланган тартибда жарималар қўлланилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!