Фото: Google Images
Ҳаёт гўзал, айниқса, ижтимоий тармоқларда янада ранг-баранг: кимдир отасига гулга кўмилган, “дадамга” деган улуғвор, тантанавор ёзуви бор “иномарка” совға қилган, яна бировининг саҳифаси чет элдаги ҳашаматли ҳаёти тасвирлари билан тўла — палмалар, мохитолар, яхта ва ҳурлиқолар...
Уларни кўриб ҳавас қиласиз (ё ҳасаддан ичингиз куяди), “нега менинг ҳаётим расво”, деб хуноб бўласиз, сиқиласиз. Аммо, тан олинг — тўхта-чи, балки манави гўрсўхта ота ризолигини олиш учун эмас, балки азбаройи лайк илинжида бир соатга ижарага олинган автомобилни кўз-кўз қилаётгандир; хориждаги Эшматнинг умри саройда эмас, бирон ажнабий қовоқхонанинг кирювиш хонасида ўтаётган бўлса-чи, деган мулоҳазани доим ҳам хаёлингизга келтиравермайсиз.
Яъни, бугун жуда кўпчилик ижтимоий тармоқ “тасма” (лента)сини айлантираркан, кўраётган олами аслида сохта, рўё бўлиши мумкинлигини, кимлардир уларни юзсизларча алдаб, туйғулари, сезгилари билан ўйнашаётганини англайвермайди.
Хўш, рақамли иллюзияни ким ва нима мақсадда яратади, нима учун ўша саробга бошқалар, ҳатто унинг эгаси ҳам маҳлиё бўлиб қолади, бунинг оқибатлари қандай?
Сохта ҳаёт ва профил инфляцияси
Бу тенденция қачон пайдо бўлганини аниқ айтиш қийин. Чунки фойдаланувчиларнинг тармоқларда ҳақиқий Мени ва реалликни бузиб талқин қилиши — энг юқори мезонларга мос келувчи идеал ҳаёт тарзини кўрсатиш, ҳар жиҳатдан тўкис, омадли ва мукаммал инсон қиёфасини яратиш ёки умуман, “виртуал авторитет” мақомига эришиш, “мухлислар” эътиборида туриш учун ўзини ҳар кўйга солиши ҳали тўлиқ ўрганилмаган ҳамда замонавий феномен.
Шунга қарамай, айрим тадқиқот ва кузатишлар бор. Масалан, “Fakr Life” (Сохта ҳаёт) термини 2012 йилдан ижтимоий тармоқлардаги ахлоқ моделларидан бири сифатида қўлланила бошлаган. Америкалик социопсихолог, Гарвард университети профессори Шошана Зубофф эса одамларнинг ўзини бўрттириб кўрсатишга уринишини “Профил инфляцияси” деб атайди, бунда аккаунтдаги биографик маълумотлар, фотосуратлар, постлар машҳур бўлиш, ўз қадр-қиммати ва турмушини янада жозибали тақдим этиш учун яратилади.
2012 йилда Гартнер таҳлил маркази томонидан эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, йирик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг камида 48 фоизи виртуал дўстларига “бадиий, маданий ёки мусиқий қобилияти” ҳақида чўпчак тўқийди, 37 фоизи ҳаётини ранг-баранг кўрсатиш, “кўпқиррали” фаолияти — саёҳат ва қизиқишларини ифодалаш учун фейк/ишланган (монтаж қилинган) суратлардан фойдаланади, 29 фоизининг эса исм-шарифи, оилавий шароити, 25 фоизининг иш жойи ва лавозими ҳақиқатга тўғри келмайди ва ҳоказо.
“Лайк”ка эҳтиёжманд қатлам ёки машҳурлик васвасаси
Кузатувлар, ҳозирги рақамли муҳитда – одамларнинг баҳоси тафаккур ёки ахлоқий мезонлар эмас, виртуал олқиш ва рақамлар билан ўлчанаётган дунёда, замонавий субмаданиятсизлик вакиллари — лайкка эҳтиёжманд қатлам шаклланганини кўрсатяпти.
Социологларнинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда сохта эътибор қозониш, яъни “Профил инфляцияси” кўпроқ айни қатламда учрайди ва уларга қуйидаги шартли синдромлар қутқу солади:
Доимий диққат-марказда бўлиш хоҳиши: бу тоифадагилар бошқалардан доим эътироф, мақтов, тасалли ёки юпанч эшитиб (ўқиб) турмаса, кўнгли жойига тушмайди. Ҳар қандай резонансли инфоҳолатга – ақли етса-етмаса, маънавий ҳақи бўлса-бўлмаса – муносабат билдиради; масалан, бугун киборларга хос юриш-туришини кўз-кўз қилса (getsbing), эртага ночор, азоблардан чарчаган ёки пушайман инсон “режими”ни ёқади (sedfishing) ва ҳоказо.
Ҳақиқатга чап бериш истаги: мазкур синдром билан “оғриганлар” турмушдаги кундалик қийинчилик, ташвиш ёки стресслардан ижтимоий тармоқларда ҳаммаси идеал бўлган фантастик, ғирт хаёлий олам яратиб “енгиллашади”. Дейлик, ўзи чет давлатда жуда оғир шароитларда меҳнат қилади, лекин унинг профилидаги суратлар шоҳона ҳаётдан “гапиради”.
Ўзига ишончсизлик: қанчалик парадоксал бўлмасин, психологларнинг таъкидлашича, платформаларда ҳар жиҳатдан мукаммал, бахтли ва омадли инсон образини тарғиб этиш васвасаси – аслида ўзига ишонмайдиган, омадсиз, алоҳида истеъдоди билан ажралиб турмайдиганларга кўпроқ хос. Яъни, улар интернетда ўзининг шиширилган ёки ҳашаматли нусхасини яратиш орқали ўзига вақтинчалик ишонч “бахш этади”.
Иллюзия ортидаги қаллоблик
— Баъзида, “тасма” ортидаги кимса ўз образини бошқаларга маълум манфаатни кўзлаб, ўзи учун керакли натижага эришиш мақсадида тақдим этади, – дейди ҳиндистонлик психолог Абхишек Шукла “Ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик иллюзаси” мақоласида. — Виртуал оламда бу алдамчи қиёфани қабул қилмаслик имконсиз, инкор этишга асос йўқ. Мана шу нуқтада содда ва ишонувчан одамларнинг чув тушиши, аксинча, фейк-имиж эгаси учун катта фойда келтириши мумкин бўлган психологик нюанс бўй кўрсатади.
Жаноб Шукла айтмоқчики, ижтимоий тармоқлардаги ялтироқ ёки сохта Мен ортида баъзида пухта ўйланган, аниқ стратегияга эга манипуляцион найранглар ҳам ётади. Масалан, кимдир виртуал саҳифасида ўзини ўта омадли тадбиркор, сочининг толасидан тирноғининг учигача бадавлат, Билл Гейтснинг қиёматли укаси сифатида кўрсатиб, фалон сўм эвазига “Ойига 10 минг доллар топиш сирлари”ни ўргатмоқчи бўлса, шубҳаланиш керак, аслида улар — “бизнес-тренер”, “мотиватор”, “психолог”, “диетолог” ва ҳоказо лақабли қип-қизил фирибгар бўлиши ҳам мумкин.
Худди шу психологик нюанс асосида, онлайн платформаларда кўп ҳолларда: бениҳоя тақводор имиж — ишлатилмаган ёш-ёш мияларни чалғитиш ва уларни “ғазот”га даъват қилиш; бемор/бечораҳол, чориғини базўр судраётган фон — кўнгли бўш савобталабларнинг чўнтагини шилиб олиш, пул ва паривашларга тўла виртуал ҳаёт — фойдаланувчиларни турли қимор ёки тавакккалчиликка асосланган ўйинларга жалб қилиш учун яратилади.
Таққосламанг – текширинг; тақлид қилманг – ўзингиздан завқланинг
Америкалик социопсихолог Леон Фестингернинг 1954 йилда эълон қилган ижтимоий таққослаш назариясига кўра, бошқаларнинг муваффақияти ёки омадсизлигидан келиб чиқиб ўзига баҳо бериш кўплаб одамларга хос салбий хусусият.
Германиялик олимлар томонидан мингга яқин Facebook фойдаланувчилари ўртасида ўтказилган тадқиқотда, ҳар учинчи одам виртуал дўстларининг “чексиз бахт тасвирлари” таъсирида ўзини ёмон ҳис қилиши, Пенсильвания университети ўрганишлари эса ижтимоий тармоқлардаги “гўзал ҳаёт” бошқа фойдаланувчиларда ўзига ишончнинг пасайиши, кучли стресс ҳамда депрессияга олиб келишини кўрсатган.
Шошана Зубоффнинг огоҳлантиришича, рақамли иллюзия унинг яратувчилари руҳиятини ҳам емиради. Яъни, бутун борлиғи билан турмуш тарзини “бекам-у кўст” кўрсатишга уринадиганлар охир-оқибат сохта мавқейининг қулига айланади, шу билан бирга виртуал аудиториянинг ҳамма ҳам дош бера олмайдиган босимига дуч келади.
Масалан, 2014 йилда америкалик 19 ёшли талаба Медисон Холлеран ўз уйининг тўққизинчи қаватидан сакраб жонига қасд қилиши мамлакат бўйлаб катта шов-шув уйғотган. Чунки, қизнинг Instagram’ида ҳаётнинг фақат ёрқин лаҳзалари — саёҳатлар, селфилар, базмлар, позитив дамлар акс этганди. Шундан бўлса керак, унинг ота-онаси ҳақиқий ҳаёт виртуал нусхасидан мутлақо тескари бўлиши мумкинлигини барчага эслатиб туриши учун фарзандининг профилини ўчирмасликка қарор қилган.
Умуман, ҳеч қачон кимгадир фақатгина унинг ижтимоий тармоқлардаги суратлари, постлари, лайкларига қараб хулоса чиқарманг, айниқса бугунги рақамли муҳитда: ўзини диндор кўрсатаётган фойдаланувчи аслида ғирт ароқхўр, аёллар ҳуқуқидан ваъз айтаётган “фаол” — онасини боғлаб боқадиган ноинсоф, ўзини ҳақиқат курашчиси ва суперқаҳрамон сифатида тақдим этаётган “блогер” реал ҳаётда эплаб бўлмас муттаҳам чиқиб қолиши мумкин.
Рақамли иллюзиядан омон чиқишнинг олтин қоидаси шу: таққосламанг — ўзингизни руҳан ўлдирасиз, текширинг — акс ҳолда алданиб қоласиз, тақлид қилманг — виртуал ҳаётда ҳам ҳақиқий Менингиз билан яшанг, сохта нусхангиз фақат зарар келтиради. Ўзингизга ҳам, жамиятга ҳам. Ўзингиздан завқланинг – бу бир бора берилган, такрорланмас ҳаёт.
Дилшод Нуруллоҳ
Манба: Daryo.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”