Фото: Солиқ қўмитаси
2023 йил 1 январдан чоп этилган онлайн-НКТ ва электрон чекларда хатоликларга йўл қўйилган бўлса, тадбиркорларга уларни таҳрирлаш имкони берилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
“Ҳозирда техник имконият яратилмоқда, тадбиркорларга ҳам тегишли тайёргарлик чораларини кўриш тавсия этилади. Тўлиқ қўлланма қўшимча равишда эълон қилинади, – дейилади расмий хабарда.
Қўмита матбуот котиби Дилдора Ҳошимова айни масала юзасидан Kun.uz’нинг саволларига жавоб берди.
— Тадбиркорларга чекларни таҳрирлаш имкони берилиши нимани англатади?
— Харидорга харид чеки ўша маҳсулотни сотувчи кассир томонидан берилади. Харид чекида маҳсулотнинг номи, идентификация рақами (МХИК), товар қиймати, ўлчов бирлиги, суммаси ёзилади. Агар ҚҚС тўловчиси бўлса, ҚҚС суммаси алоҳида кўрсатилади. Харид чеклари урилганда кассирлар томонидан харид суммаси нотўғри киритилиш ҳолатлари учраши мумкин. Масалан, минг сўм ўрнига, ўн минг сўм кўрсатилиши мумкин. Шунақа ҳолатлар бор, юз минг сўмлик товар бир млн сўм деб уриб юборилиши мумкин. Бундай ҳолатлар жуда кўп. Бошқа товарнинг суммасини бошқа товарга уриб юбордик, дейишади. Булар кўпинча техник хатоликлар бўлади.
Суммаларнинг хато урилиши энг оғир ҳолатда товар айланмасининг ошиб кетишига олиб келиши мумкин. Биласиз, товар айланмаси 1 млрд сўмдан ошиб кетса, юридик шахс ҚҚС тўловчисига айланади. Ёки суммаларнинг кўпроқ урилиши кўпроқ солиқ ҳисобланишига олиб келиши мумкин, сабаби айланмадан келиб чиқиб 15 фоиз фойда солиғини тўлайди. Шунинг учун ё 4 фоиз, ёки 15 фоизлик солиқнинг кўпайиб кетишига олиб келиши мумкин.
Ундан ташқари, имтиёзли товар ўрнига имтиёзсиз товар кодларини киритса, ўша сумма билан шаклланиб қолиши мумкин. Масалан, дейлик мен имтиёзли товарни сотдим, у солиққа тортилиши керак эмас, лекин мен адашиб бошқа кодни киритганим учун солиқ ҳисобланиши мумкин.
Бундан ташқари, баъзилар воситачилик хизматини кўрсатади. Воситачига солиқ чиқмаслиги учун фақат воситачилик қилгани учун оладиган хизмат ҳақи ҳисобланади. Бундай ҳолатларда воситачи товар сотувчисининг маълумотларини тўғри киритиб қўйиши керак. Агар иккинчи томоннинг ИННсини киритмаса, воситачига ҳам солиқ ҳисобланиши мумкин.
Шундай ҳолатларни ҳисобот топширгандан кейин бухгалтерлар билиб қолади. Ўзи кейинги ҳисобот топширгунча хатони тузатиш имкони бор. Бу АОС топширувчилар учун кейинги ойнинг 15-санаси, ҚҚС тўловчилар учун эса 20-санаси. Лекин ўтган ой ёпилиб кетган бўлса, ундан олдинги ойларни таҳрирлаш имкони йўқ, шу сабабли ҳозир шундай шароит яратиб бериляпти.
— Нега бу имкон айнан 2023 йил бошидан чоп этилган чеклар учун?
— Чеклар хато урилгани учун айланма ошиб кетиб, ҚҚС тўловчига айланиб қолган ёки кўпроқ солиқ ҳисобланган тадбиркорларнинг мурожаатлари кўпайиб кетди. Бундай имкониятни илгари ҳам берганмиз, барча мурожаатларни йиғиб бир мартада ўтган ойлар учун чекларни таҳрирлаш имкони берилади.
— Жараён якунлангач, айланмаси 1 млрд сўмдан ошиб ҚҚС тўловчига ўтган тадбиркорлар қайта АОС тўловчисига айланиши мумкин. Ёки солиқлар кўпроқ ҳисобланиб, кўпроқ солиқ тўлаган тадбиркорлар бўлиши мумкин. Улар тўлаган ортиқча солиқлар қайтариладими?
— Агар айланмаси ошиб кетиб, ҚҚС тўловчисига ўтиб қолган тадбиркорлар бўлса, чекларга тузатиш киритгандан кейин, айланмаси 1 млрд сўмдан ошмаганини исботлаб берса, маълум бир вақтдан кейин яна АОС тўловчисига айланади.
Мабодо ортиқча солиқлар тўлаган бўлса, ортиқча тўланган солиқлар қайтариб берилади.
— Ўтган сафар чекларни таҳрирлаш имкони берилганда, қўмита харидорлар томонидан харид суммасидан 1 фоиз кешбэк олинган чеклар таҳрирланмаслигини маълум қилганди. Бу сафар ҳам шундай бўладими?
— Қонунчилик бўйича, 1 фоиз кешбэк қайтарилган чеклар таҳрирланмайди. Чунки бундай чеклар учун бюджетдан аллақачон маблағлар тўлаб берилган. Лекин бу сафар бизга жуда кўп мурожаатлар бўляпти, “бюджетдан кетган кешбэкларни компенсация қилиб берамиз, кешбэк қайтарилган чекларни ҳам таҳрирлаш имконини беринглар”, дейишяпти. Дейлик, 1 млрд сўмлик чеклар учун бюджетдан 1 млн сўм кешбэк қайтарилган, лекин тадбиркор нотўғри маълумот киритгани учун 10 млн сўм солиқ тўлаган бўлиши мумкин. Тадбиркорга 1 млн сўмлик кешбэкни компенсация қилиб бериб, 10 млн сўмлик солиқларини қайтариб олиш қулай бўлиши мумкин. Хуллас, бу сафар ушбу имконият ҳам кўриб чиқиляпти.
— Ҳисоботни қайта топшириш керакми?
— Ҳа, чеклар таҳрирланган тақдирда тегишли ҳисоботларни қайта топшириш талаб этилади. Чунки солиқ базаси, имтиёзлар суммаси ўзгариб кетади.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”