
Тошкент шаҳрида содир бўлган жуда таҳликали воқеа жамоатчилик эътиборини тортди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимини автомобил капоти устида судраб кетган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, ҳодиса вақтида ЙПХ инспектори ҳайдовчини тўхтатишга уринган, аммо у қонуний талабни инкор этиб, ҳаракатни давом эттирган ва натижада ходимни бир неча метр масофагача капот устида судраб кетган. Бу ҳолат шоҳидлар томонидан видеога олингандан сўнг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
Ҳодисадан сўнг ҳайдовчи қўлга олинди ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси бўйича — “Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш” айблови илгари сурилди. Расмий маълумотга кўра, гумонланувчи шахс 2001 йилда туғилган бўлиб, ҳозирда процессуал тартибда ушланган. Тергов ишлари бошланган.
Суриштирувлар давомида ҳайдовчининг илгари ҳам қоидабузарликларни кўп марта содир этгани маълум бўлди. Унинг автомашинаси орқали 144 марта йўл ҳаракати қоидалари бузилгани аниқланган. Шунингдек, 38 ҳолат бўйича жарималарнинг муддати ўтган, 30 таси эса Мажбурий ижро бюросига юборилгани маълум қилинган.
Қоидабузар ҳайдовчининг умумий қарздорлиги 18 миллион 90 минг сўмни ташкил этган.
Ҳозирда тергов органлари воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаш устида иш олиб бормоқда. Ички ишлар тизими ва прокуратура бу каби ҳолатларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини маълум қилган.
Йўлдаги интизомсизлик ва қонунга бўйсуниш маданияти ҳақида яна бир бор ўйлаб кўришга мажбур этадиган ҳолат — давлат инспекторига нисбатан жисмоний хавф солиш нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!