
Андижон шаҳрида юракларни титратган яна бир фожеа содир бўлди. 4 июль куни эрталаб соат 09:30 ларда 1977 йилда туғилган шахс — Д.А. ўз турмуш ўртоғи, 46 ёшли М.Д. билан оғир жанжалга борди. Эркак хўжалик пичоғини олиб, аёлининг бўйин қисмига зарба берди. Аёл олган оғир жароҳат сабабли воқеа жойида вафот этди.
Қотил ҳодисадан сўнг дарҳол жиноят содир этилган жойдан қочиб, қўлга тушмасликка уринди. Аммо ҳуқуқ-тартибот органлари зудлик билан жиноятни тергов қилиш ва гумонланувчини топиш ишларини бошлади. Андижон шаҳар прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатди.
Бир неча соат ичида Д.А. Андижон вилояти Олтиариқ туманидаги Кўмакай маҳалласида аниқланди ва навбатчи патруль хизмат ходимлари томонидан ушланди. Ҳозирда у қўлга олинган ва махсус тергов изчил давом этмоқда.
Бу фожеа яна бир бор оиладаги муаммоларни вақтида ҳал қилиш, зўравонликка муросасиз ёндашиш ва аёллар хавфсизлигини таъминлаш қанчалик муҳим эканини эслатади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу каби ҳолатларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши ва фуқаролар орасида ҳуқуқий онгни ошириш ишлари давом эттирилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар