date

Ҳарбий ветеранлар нега киберхавфсизлик соҳасига ўтмоқда?

Ҳарбий ветеранлар нега киберхавфсизлик соҳасига ўтмоқда?
Бугунги рақамли даврда киберхавфсизлик глобал миқёсда энг долзарб ва тез ривожланаётган йўналишлардан бирига айланди. Дунёда тўрт миллионга яқин малакали киберхавфсизлик мутахассиси етишмаётгани эса бу соҳага бўлган эҳтиёжни яққол кўрсатмоқда. Шу эҳтиёжни қондиришда, кутилмаганда бўлса-да, собиқ ҳарбийлар – фахрийлар муҳим рол ўйнамоқда.

Собиқ ҳарбий хизматчилар кўп йиллик хизмат давомида қатъий интизом, муаммоларни тезкор ва аниқ ҳал қилиш, жамоада самарали ишлаш, ҳамда оғир вазиятларда босим остида совуққонликни сақлаш каби фазилатларни ўзлаштирган бўлишади. Айнан шу жиҳатлар киберхавфсизлик соҳасида жуда зарур бўлган компетенсиялар саналади.

Британияда жойлашган Forces Employment Charity ташкилоти вакили Жеймс Мёрфи ўз ҳарбий хизмат тажрибасини эслаб, ҳарбийда шаклланган сезгирлик киберхавфсизликда қандай фойдали бўлишини таъкидлайди: “Йўлда туриб қолган оддий ахлат қутиси, ахлат йиғиш куни бўлмаган пайтда хавотир уйғотади – бу сезги, бу ҳушёрлик, киберхавфсизликда айни керак нарса.”

Ҳарбий хизматда шиддатли вазиятларга дуч келиш, хавфга тўғридан-тўғри жавоб бериш, ва олдиндан режалаштирилган стратегияни жойида ўзгартиришга мажбур бўлиш ҳолатлари кўп учрайди. Киберхавфсизликда ҳам таҳдидлар олдиндан тахмин қилинади, уларга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқилади, лекин реал вазиятда таҳдидлар кўпинча кутилмаган шаклга эга бўлади.

Бу борада Британия ҳарбий артиллериясида хизмат қилган Мо Аҳддоуд ўз фикрини билдиради: “Ҳеч қайси режа душман билан илк тўқнашувга доц. бера олмайди. Энг муҳими – мослашувчанлик ва ҳаракатни давом эттириш.” Бу ёндашув айнан киберхавфсизлик мутахассисларига зарур бўлган фикрлаш тарзидир.

Киберхавфсизлик соҳаси ичида “мовий жамоа” деб аталувчи гуруҳлар – хавфсизликни назорат қилиш, воқеаларга жавоб бериш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади. Фахрийлар бу йўналишда айниқса самарали бўлишади. Бунга уларнинг жамоавий ишлашга мойиллиги, оғир вазиятда совуққонликни сақлаш ва аниқлик билан ишлаш қобилияти сабаб бўлмоқда.

ЛТ Ҳарпер агентлиги директори Кетрин Берннинг таъкидлашича, ҳарбий фахрийлар бу соҳада ўз ўрнини тез ва самарали топмоқда: “Бир марта фахрийни ишга олган иш берувчи, иккинчисига ҳам имкон беришни истайди.”
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳарбий ветеранлар нега киберхавфсизлик соҳасига ўтмоқда?