Ўзбекистонда ёлланма жангчиларга оид 338 иш очилди

2022 йил бошидан бери Ўзбекистонда ёлланма жангчилик бўйича 338 та жиноят иши очилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тайёрланган “Узоқдан изланган бахт” ҳужжатли фильмида маълум қилинди.
Фильмда ҳар йили юзлаб ўзбекистонликларнинг террористик ташкилотларга қўшилиши ёки бошқа давлатлар армиясида хизмат қилиши қайд этилгани таъкидланган. 2022 йилда ёлланма жангчилик бўйича 19 та жиноят иши очилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 139 тага етган.
Ёлланма жангчиларнинг аксарияти алдов йўли билан ёки жиноят гуруҳлари томонидан урушга юборилгани қайд этилган. Фақат айримларигина буни даромад топиш мақсадида қилган.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ёлланма жангчилик учун 10 йилгача, ёллов ва ўқитиш учун эса 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.