Самарқандда профилактика инспектори ишни ёпиб бериш ваъдаси билан пора талаб қилганликда фош бўлди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туман судида вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмасида профилактика инспектори бўлиб ишлаган собиқ ИИБ ходимига оид жиноят иши кўриб чиқилди. У маҳаллий фуқаронинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги ортидан хизмат мавқеидан фойдаланиб, пул ундиришга урингани аниқланди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Иш материалларига кўра, воқеа 2025 йил май ойида бошланган. Пастдарғом туманида яшовчи эркак Instagram’да Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳақида ҳақоратомуз изоҳ қолдирган. Шундан сўнг у туман ички ишлар бўлимига “профилактик суҳбат”га чақирилган.
Ҳолат одатдаги маъмурий тартиб доирасида кўрилиши керак бўлган: жазо қўллаш учун етарли асослар йўқ эди. Бироқ собиқ инспектор вазиятдан фойдаланиб, “масалани ҳал қилиб бериш”ни таклиф қилган ва ҳужжатлар судга юборилмаслиги учун аввалиги 2 минг доллар сўраган.
Кейинчалик у “ён бераётгандек” кўриниш бериб, талабни 800 долларгача туширган. Пулни олиш учун инспектор қариндошини воситачи сифатида жалб қилган.
2025 йил 3 сентябрь куни Китоб тумани Бешнайман маҳалласидаги автойувиш шохобчаси ёнида жабрланувчи воситачига 800 долларни топширган. Бу жараён иқтисодий жиноятларга қарши кураш ходимлари назорати остида бўлган, чунки фуқаро олдиндан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Пул олинган заҳоти воситачи ушланиб, купюралар далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.
Судда аниқланишича, профилактика инспекторининг маъмурий иш натижасига реал таъсир ўтказиш имконияти бўлмаган. У жиноят қидирув бўлинмасидаги ҳамкасбининг номини босим воситаси сифатида тилга олиб, амалда пора ниқоби остида фирибгарлик қилишга уринган.
Ҳукм 2025 йил 3 декабрь куни эълон қилинган. Собиқ ИИБ ходими йирик миқдорда фирибгарликка суиқасд қилиш ва пора беришга ундашда айбдор деб топилиб, 3 йил 11 ой 1 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, унга 2 йил давомида ИИБ тизими ва давлат органларида ишлаш тақиқланган, Самарқанд вилоятидан рухсатсиз чиқиб кетмаслик ҳамда пробация назоратида бўлиш мажбурияти юклатилган.
Воситачилик қилган қариндоши ҳам фирибгарликда иштирок этганликда айбдор деб топилиб, даромадининг бир қисми давлат фойдасига ушлаб қолинадиган ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Учтепа туманида ҳам коррупцияга оид ҳолат қайд этилиб, 3 минг доллар пора билан ҳокимият ходими қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!