date

Ўзбекистонда сунъий интеллект амалдорларнинг қариндошлик алоқаларини аниқлайди

Ўзбекистонда сунъий интеллект амалдорларнинг қариндошлик алоқаларини аниқлайди

Ўзбекистонда давлат хизматда таниш-билишчилик ва манфаатлар тўқнашувига қарши кураш рақамли босқичга ўтмоқда. Сунъий интеллектга асосланган янги тизим мансабдорлар ўртасидаги яширин боғлиқликларни назорат органлари учун тезкор ва аниқ кўрсатиб бериши кутилмоқда. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов UzAга берган интервьюсида агентлик ҳузурида Рискларни таҳлил қилиш маркази ташкил этилаётганини маълум қилди. Марказга 30 та вазирлик ва идоранинг маълумотлар базалари интеграция қилиниб, илгари қўлда ва узоқ вақт талаб қилган текширувлар автоматлаштирилади.

Янги тизимнинг асосий йўналишларидан бири my.mehnat.uz портали бўлади. Сунъий интеллект ушбу платформа орқали яқин қариндоши бевосита раҳбар бўлган ходимларни автоматик аниқлаш имконига эга бўлади.

Шунингдек, алгоритмлар солиқ.uz даги маълумотларни таҳлил қилиб, амалдорлар ҳақидаги маълумотларни хусусий компаниялар таъсисчилари билан солиштиради. Бу давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви эҳтимолини, жумладан тендерларни савдони ташкил этган шахснинг оила аъзолари эгалик қиладиган фирмалар ютиб олиши каби ҳолатларни тезда фош этишга хизмат қилади.

Тизим фақат кадрлар ва молиявий кўрсаткичлар билан чекланмайди: у Электрон жиноят-ҳуқуқий статистика маълумотларини ҳам таҳлил қилиб, коррупциянинг тизимли сабаблари ва хавф омилларини эрта босқичда аниқлашга йўналтирилади.

Агентлик раҳбарининг айтишича, илгари бундай чуқур риск таҳлили 5–6 кун вақт олган бўлса, эндиликда рақамли ҳисобот бир соат ичида тайёр бўлади. Бу ёндашув давлатга оқибатларни қайд этишдан кўра, манфаатлар тўқнашувини юзага келган заҳоти тўхтатиш, тайинловлар шаффофлиги ва давлат секторида ҳалол рақобатни кучайтириш имконини беради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда сунъий интеллект амалдорларнинг қариндошлик алоқаларини аниқлайди