БМТ ҳисоб-китобига кўра Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 7,3% га ўсди

БМТнинг дастлабки баҳолашларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,3% га кенгайди. Бу ҳақда ташкилотнинг “Жаҳон иқтисодий ҳолати ва 2026 йил учун истиқболлар” номли ҳисоботида қайд этилган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ҳисоботда яқин йилларга прогнозлар ҳам келтирилган: жорий йилда мамлакат ЯИМ ўсиши 6% гача секинлашиши, кейинги йилда эса 5,9% атрофида бўлиши кутилмоқда.
Инфляция кўрсаткичларига тўхталар экан, БМТ экспертлари ўтган йил якунида нархлар ўсиши 9% даражасида баҳоланганини билдирган. Прогнозларга кўра, 2026 йилда инфляция 7,1% гача, 2027 йилда эса 5,6% гача пасаяди.
БМТ таҳлилчиларига кўра, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон олтин нархларининг кўтарилиши, инфратузилмага йўналтирилган йирик сармоялар ҳамда туризм соҳасининг кенгайишидан фойда олишда давом этган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 11 ойида Ўзбекистон хорижга қарийб 10 млрд доллар қийматида олтин экспорт қилган. Декабр ойида қимматбаҳо металл нархи биринчи марта унцияси учун 4,4 минг доллардан ошди. Нархларнинг ўсишига геосиёсий вазият ва глобал савдодаги кескинлик омил бўлгани таъкидланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!