13:02 / 22.06.2017
5 611

"Республика 1-раҳбарининг укаси бўлсам ҳам на машинам, на дала ҳовлим, ҳатто велосипедим ҳам бўлмаган"

"Республика 1-раҳбарининг укаси бўлсам ҳам на машинам, на дала ҳовлим, ҳатто велосипедим ҳам бўлмаган"
Миллий ахборот агентлиги мухбири атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг укаси таниқли адабиётшунос олим, профессор, устоз мураббий ва ҳассос таржимон Асил Рашидов билан суҳбатлашди. Профессор Асил Рашидов акаси Шароф Рашидов ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди.

– Оиламиз жуда оддий бўлган. Отамиз Рашид Халилов суяги меҳнатда қотган, оддий бир деҳқон эди. Кейинчалик жамоа хўжалигида турли вазифаларда ишлаган. Онамиз Қўйсиной Халилова эрта-кеч уй ишлари ва жамоа хўжалиги юмушларидан ортмасди. Ўша кезларда қишлоғимизда саводсизликни битириш курси очилган бўлиб, волидамиз маълум даражада хат-саводли бўлгани боис оқшомлари мазкур курсда машғулотлар олиб борарди.

Акаларим оёққа турганига қадар хийла ночор яшаганмиз. Ўша вақтда бошқаларнинг турмуши ҳам бундан беҳроқ бўлмаган: очарчилик, қаҳатчилик, қатағон, уруш, бир бўлак нон топиш – азоб, тирик қолиш – иноят... Эсимда, уруш пайти Жиззахда қанд лавлаги экилар, уни эшак ё от қўшилган араваларда таширдик. Тоғдай уюм бўлар, сўнг лавлагини поездларга ортиб, фронтга олиб кетишар эди...

Ҳа, оилада олти ўғил эдик: Камолиддин, Шарофиддин, Саҳобиддин, Исомиддин, Аслиддин (камина) ва Насриддин. Тўнғич акам Камолиддинни айни навқирон ёшида хасталик олиб кетган, Саҳобиддин акам юрист бўлди, Исомиддин акам жамоа хўжалиги радиоузелида ишлаган, мен адабиёт йўлидан кетдим, укам Насриддин илм-фанни танлади.

Барчамизнинг суягимиз меҳнатда қотган, бироқ акаларим орасида Шарофиддин анчайин фаол, ҳақиқий етакчи эди. Кичиклигидан барчамиз унга суянардик. Унинг фикрини қўрқмай айта олиши, доим олдинги сафда бўлишига ҳамиша ҳавас қилганмиз. Шароф акам техникумда аъло баҳоларга ўқигани учун патефон билан тақдирланган. Уни уйга олиб келганда, «ичида митти хонандалари бор «машина қўшиқ»ни ўз кўзи билан кўриш учун уйимизга келувчилар роса кўпайган.

Икки акам – Шарофиддин ва Саҳобиддинни фронтга кузатганимиз кечагидай эсимда. Иккиси ҳам ажал комидан омон келган. Шароф акам фронтдаги ўқчи бригаданинг сиёсий раҳбари бўлган, 1942 йили оғир ярадор бўлиб, уйга қайтган: тирсагидан ўқ еган, анча вақт қўлини бўйнига осиб юрар эди. Бироқ бир қўл билан велосипед ҳайдаб ҳар куни ишга борар – мактаб директори вазифасини катта масъулият билан бажарарди.

Шароф акам ва Хурсандой янгамизнинг никоҳ тўйини аниқ эслайман: мамлакат оғир аҳволни бошдан кечираётган, йигитларимиз фронтда жон олиб-жон бераётган пайтда уйланаётганидан хижолат бўлганми, ҳайтовур, миллий одатларимизга сал мос келмаса ҳам, куёв бола ўз тўйида нутқ сўзлаган, барчани шундай оғир паллада душманга қарши бир мушт бўлиб бирлашишга ундаган эди. Унинг фикри-зикри доимо эл-юрт ташвиши билан банд эди.

Шароф акам меҳнат учун туғилган эди. Барчасига Яратганнинг инъоми – ақл-заковати, истеъдоди ва тинимсиз меҳнатлари билан эришган. Бизни ҳам фақат меҳнат қилишга ундаган. Бир шеърида ёзганидек, унинг ғурури, сурури, ҳузури ҳам меҳнатда эди.
Акам республика раҳбари бўлган пайтида ҳам ишдан келиб бекор ўтирмас, ё китоб ўқир ёки янги чиққан кинофильмларни томоша қиларди. Баъзида ишдан қайтганда, кино кўриб ўтирган бўлардик. Дарҳол сўрашга тушарди: «хўш, қайси фильмни кўряпсизлар? Қаҳрамонлари ким? Ғояси нима?». Айрим ҳолларда жавоб тополмасак, дарҳол баҳонага ўтардик: ака, кино ўзи ҳозир бошланди...

Шароф акам «қуш уйқу» эди, кам овқатланарди, кунига камида беш километр пиёда юрарди. Уни чарчаб қолади, деб хавотирланардик. Бироқ қандайдир илоҳий ғайрат-шижоати бор эди-да, толиқиш нималигини билмасди. Яна бир фазилати – одамларга ишониши, инсонни улуғлаши, икки оғиз ширин сўз билан ўз суҳбатдошини қайта кашф этиб, қалбини тоғдек кўтариб, илҳомлантириб юбориши эди.

Кунлардан бирида акам қўлтиғида даста-даста газета-журналлар билан ҳорғин, қандайдир синиқ ва маъюс ҳолда ишдан қайтди. Хавотирга тушдик: “Тобингиз қочдими?”. Шунда у: “Йўқ, бугун қиличдек-қиличдек ўғлонларимиздан икки юзтасини Афғонистонга жўнатдик. Улар олов кечишга кетяпти. Қанчаси юртига, ота-онаси бағрига қайтиб келишини қодир Эгамдан бошқа ҳеч ким билмайди. Масковдаги раҳбарларимизга қанча илтижо қилмай, ҳеч қандай натижа чиқмади”, деди-ю, кўзида ёш қалқиди...

– Айтишларича, Шароф Рашидов ҳудудларга сафарга чиқса, қуйи бўғинлардаги раҳбарларга дастлаб «охирги марта қайси китобни ўқидингиз?», деб савол бераркан...
– Ҳа, шундай. Чунки ҳар қандай инсонни мутолаа юксалтиради. Акам бу саволига қониқарли жавоб олса, юз-кўзи яшнаб кетарди. Акс ҳолда дили оғрирди. Бир гал қизиқ воқеа айтиб берган: аллақайси бир туманга борса, фирқа ташкилотининг биринчи котиби акамни янги асар ёзгани билан ҳаддан зиёд қутлайверади: «Зўр асар ёзибсиз-да, Шароф Рашидович, туни билан ўқиб чиқиб, маза қилдим...». Акам камтарона раҳмат айтиб қўяди. Қараса, хушомаднинг охири кўринмаяпти. Сўнг котибдан “Қайси асарни ёзган эканман?”, деб сўраб қолади. Шунда у акамнинг асарларидан лоақал биронтасини айтиб бера олмай мулзам бўлади.

– Акангиз ва сиз адабиёт йўлини танлагансиз. Бироқ бадиий санъатда фавқулодда истеъдод ўз-ўзидан юзага келмайди. Қонда бўлгандирки, суяк сурган.
– Бунинг асосини ота-онам тийнатидан излаганман: иккиси ҳам халқ оғзаки ижодини пухта билган, айниқса, узун қиш кечаларида онам айтган эртак, маталлар, қўшиқлар ҳали ҳам қулоғимда жаранг сочиб туради. Биласизми, яқинда Ҳамид Олимжоннинг шажарасини тузишган экан, ўқиб ҳайратдан қотиб қолдим: бизлар қариндош эканмиз, унинг онаси Комила буви холамиз экан. Бироқ бу ҳақда Шароф акам ҳеч қачон менга айтмаган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни Жиззах вилоятида бўлиб, Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонларини барпо этиш лойиҳалари билан танишгани, уларнинг ижодий мактабларини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар бергани ҳақида матбуотда ўқиб, шуларни эсладим.
Акам ғоят истеъдодли эди. Катта завқ ва илҳом билан ишларди. Республика раҳбари шунча давлат ишидан, камига барча вилоят-у туманлараро қанчадан-қанча хўжалик раҳбарлари билан ярим тунга қадар овознигор-муноқаша (радиоперекличка) орқали мусоҳабалар ўтказишдан ортиб уйига қайтгач, тонггача ёзарди. Баъзида мен унинг ёнида дарс тайёрлаб, пинакка кетардим. Уйғонганимда, қуёш бўй кўрсатган, акам ҳамон ёзаётган бўларди.

Шароф Рашидов вафотидан сўнг айрим «ёзувчи»лар унга туҳмат қилиб, «миллат отаси асарларини ўзи ёзмаган», дейишгача борди. Мен бир адабиётшунос ва ука сифатида унинг илк ижодидан то сўнгги йирик асари – “Дил амри”гача мунтазам равишда кузатиб, таҳлил ва тадқиқ этиб борганман. Барча қўлёзмаси-ю дастхатларининг турли нусхаларини (улар тўла сақланмоқда) кўздан кечирганман. Шароф Рашидов биргина “Кашмир қўшиғи” қиссаси билан ҳам ўзбек адабиёти тарихида умрбод қолишга ҳақлидир. Бу асар дунёнинг 56 тилига ўгирилганининг ўзи барчасини англатиб турибди.

Шароф акам мени адабиётдаги оғир меҳнат – таржимага ундаган, бу борада ҳамиша маслаҳат ва ўгитлар берган. Бугун китоб жавонимни қарасам, таржима қилган асарларим нашрлари икки-уч қатор бўлибди. Шулар сабаб буюк адиб Чингиз Айтматов оламини яқиндан танидим, унинг қаҳрамонлари билан яшадим.

– Шароф Рашидовнинг миллий адабиётимиз ривожидаги хизматлари яна қайси жиҳатларда намоён бўлади?
– Аввало, ижодкорларнинг бошини силаганида, уларнинг бадиий ижод билан шуғулланиши учун имкон қадар шарт-шароит яратиб берганида. Ва, албатта, уларнинг оғир кунларида доимо ёнида турганидадир.
Акам адабиётимизда «йилт» этган истеъдодни кўрса, излаб топарди, унинг катта давраларга чиқишига йўл очарди. Ёш ижодкорлар асарларини доимий ўқиб борар, уларга қўнғироқ қилиб табриклар, суҳбатга чорлар эди. Бир мисол: Шароф Рашидов Сирдарёга борганда, вилоят газетасида 10-синф ўқувчиси Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларини ўқиб қолади, сўнг ўша ердаги маҳаллий раҳбарларга «шу қиз бу йил Тошкентдаги институтга ўқишга бориши керак, отаси билан гаплашинглар», деб топшириқ беради. Кейин ҳам Ҳалиманинг ижодини мунтазам кузатиб бориб, амалий ёрдам беради. Унинг шеърий тўпламини Москвада нашр қилдиради. Натижада ўзбек адабиёти яна бир истеъдодли шоирани кашф қилди.

– Кўп йиллар журналистика соҳасида ишлагансиз. Бу борада акангиз устоз бўлгани шубҳасиз. Бош муҳаррир Шароф Рашидов мактабининг ўзига хослиги нимада?
– Аввало, журналистиканинг «қора меҳнати»дан қочмасликда: акам ҳозирги “Зарафшон” ва “Ўзбекистон овози” газеталарида бош муҳаррир бўлиб ишлаганда, газета чоп этиш техникасининг барча сир-асрорини пухта ўзлаштирган, барча жараёнга бевосита раҳбарлик қилган. Дейлик, барча саҳифани камида тўрт бор ўқиб, таҳрир қиларди. Эринмасди. Кейин таҳририятда ички муҳитни ҳамиша соғлом ҳолда ушлаган, катта-кичик ходимнинг қувончу ташвишларига шерик бўлиб кетган эди.

– Аспирантурада ўқиган вақтингиздаёқ акангиз Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлган. Шароф Рашидовнинг укаси бўлиш сизга имтиёз эдими?
– Албатта, муносабатларда сезилган, бироқ акамнинг ҳурмати учун менга таклиф этилган енгилликлардан ҳамиша юз ўгирганман. Айниқса, кимдир мен орқали акам билан боғланиб бирор ишини битиришига йўл қўймаганман. Чунки акамнинг ўзи менга шундай тарбия берган.
Номзодлик диссертациямни ҳимоя қилганимдан сўнг, акам Москвага иш билан борганда, фан номзоди даражасини олганим ҳақидаги гувоҳномани олиб, менга жўнатган, унга бир энлик мактуб илова қилинганди. Мен учун энг қадрли ёдгорликлардан бири бўлмиш бу мактубда шундай сўзлар бор:

“Укам Асилжон! Докторлик ишингга зафар тилайман. Адабиётимизда ишчи образи, меҳнат тасвирини ишлашдан ҳам савобли иш борми? Ҳамиша сиҳат-саломат бўлгин! Ҳамиша ишинг баракали бўлаверсин!
Ҳурмат ва эҳтиром билан аканг. 21. VII. 1981 й.”.

Республика биринчи раҳбарининг укаси бўлсам ҳам на машинам, на дала ҳовлим, ҳатто велосипедим ҳам бўлмаган. Албатта, зарурат юзасидан буларни сўраганман, аммо акамдан рухсат тегмаган. Ҳатто мени юқорироқ лавозимларга ишга таклиф этганларида, розилик бермаган.

Акам қанчалик тўғри ва оқилона йўл тутганини унинг вафотидан кейин билдим: “рашидовчилик” деган бўҳтон ўйлаб топилганда мени ҳам сўроққа чақиришган, бироқ ҳеч қандай айб топа олишмаган. Ҳатто уларнинг боши ҳам қотганки, «Рашидовнинг укаси бўла туриб нега бунча оддий яшайсиз?»...

– Шароф Рашидов дунёдан кўз юмганида, аввало, ўзи умр бўйи ҳимоя қилган, содиқ бўлиб хизмат қилган тузум унга хиёнат қилган, хотирасини таҳқирлаб, қабрини кўчирган. Бу машъум воқеа қандай юз берган?
– Дастлаб қариндош-уруғлар билан кенгашиб, марҳум акамнинг она юрти – Жиззахга дафн этилишини истагандик. Бироқ мурожаатларимиз ҳавога учди.
Сўнг одамлар эрта-кеч қўлида гул кўтариб, пойтахтимиз марказидаги Шароф Рашидов қабрига оқиб кела бошлади, узоқ-узоқ қишлоқлардан чол-кампирлар келиб, тиловат қилар эди. Сўнг «рашидовчилик»ни ўйлаб топганлар унинг қабрини кўчириш тараддудига тушди. Собиқ марказнинг Шароф Рашидов қабри билан иши бўлмаган.

1987 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси. Соат 2 дан кейин одамлар ширин уйқуда маҳали акамнинг қабрини қуролли аскарлар ўраб олган... Қўйинг, у ёғини гапирмай қўя қолай... Эслаш оғир, жуда оғир...
Кейинчалик атоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуф бу ҳақда бир шеър ёзди. Унда мана бу сатрлар бор:
Сизни алқаганлар бир халқ, бир денгиз,
Сизни қарғаганлар – жўраларингиз,
Сизни адо қилган тўраларингиз,
Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот!..

Мен бу тарих ҳақиқатлари ҳақида «Акам ҳақида» китобимда батафсил ёзганман. Яқинда бу асарни тўлдириб, қайта нашрга тайёрладик.
Ягона таскин: адолат ва ҳақиқатнинг қарор топгани, Ватанимизнинг мустақилликка эришгани, том маънода халқимиз ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имконига эга бўлганидадир. Қанийди, акам ҳаётга яна қайтиб, ҳозирги озод ва обод Ўзбекистонимизни, ўзлигини англаб олган халқимизни бир кўрса эди...

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Шароф Рашидовга шундай юксак эъзоз-эҳтиром кўрсатилаётганидан, аминман, акамнинг руҳи шод бўлмоқда. Истагим – келгуси авлодлар ҳам тарихимизга холис баҳо берса. Зеро, Шароф Рашидов фожиаси – бир шахснинг қисмати эмас, балки давр фожиаси, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «биз яқин тарихимизда кечган ана шундай аянчли воқеалар мисолида мустақиллигимизнинг аҳамияти ва моҳиятини, қадр-қимматини янада теран англаб етишимиз, уни ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга доимо тайёр туришимиз шарт».
Буларнинг бари асрларга татигулик сабоқдир.

Манба: Dia.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Республика 1-раҳбарининг укаси бўлсам ҳам на машинам, на дала ҳовлим, ҳатто велосипедим ҳам бўлмаган"