18:16 / 17.10.2017
13 364

Ҳушёр бўлинг! Фарзандингиз нималарни томоша қилаяпти?

Ҳушёр бўлинг! Фарзандингиз нималарни томоша қилаяпти?


Куни кеча таваллуд айёмини нишонлаган жиянимнинг оз эмас, кўп эмас 7 ёшга тўлиши оиламизнинг ҳар бир аъзосини жажжи малика учун антиқа совға танлашдек муҳим вазифа қаршисида ўйлантириб қўйди. Кимдир турли-туман либослар ила безанган қўғирчоқ харид қилган, бошқа биров қўлида кичкинтойлар либоси... Мен эса уни бир ҳайратга солай дея ҳуснихат дафтари-ю эртак китобчалари, бўяш альбомларидан тортиб мультфильм дискларидан иборат катта туҳфа тайёрлашга киришдим. Режамдаги барча китобларни сотиб олдим-у, мультфильмга келганда...

Дўкон сотувчиси пештоқнинг энг юқорисидан жой олган Дисней маликалари ҳақидаги мультфильмларни тавсия қила кетди. “Соҳибжамол ва маҳлуқ”, “Синдерелла”, “Оппоғой ва етти гном”... Санаб саноғига етмайсан киши. Аммо номлари қайд этилган мультфильмлар сюжетидан яхши хабардор бўлганим боис миттигина жиянимнинг ундаги турли-туман саргузаштлар-у қаҳрамонлар ўртасидаги севги-муҳаббат саҳналарини томоша қилиб ўтиришини асло тасаввур эта олмадим. Излаш жараёни кўп давом этди, аммо ҳайхотдай дўкон ичра битта ҳам тузукроқ диск топа олмай ортга қайтдим.

Бугунги кунда ойнаи жаҳон орқали томошабинлар эътиборига ҳавола этилаётган экран асарлари шу қадар серобки, пайти келса номини ҳам тўлиқ эслаб қола олмаймиз. Баъзан пайдо бўлиб қоладиган пичоққа илинарли киноларни ҳисобга олмаганда умри қисқа, 1-2 ой ичида фақатгина даромад мақсадида суратга олинган киноларни кўришга аллақачон ўрганиб қолдик. Буни қўя турайлик, бироқ келажакни барпо этувчи, эртанги кун эгалари дея эътироф этиладиган болажонлар учун ёт ғоялар сингдирилмаган, уруш ва муҳаббат лавҳаларидан ҳоли бирор мультфильмни топиб бўлмай қолди ҳисоб. Ҳаттоки жониворлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи мульт асарларда ҳам бундай саҳналар йўқ дея олмаймиз. Айрим қаҳрамонларнинг гап-сўзлари эса икки сония ичида инсонни ғазаб отига миндиради.

Замон шиддат ила ривожланмоқда, болалар ҳам эртак эшитишдан кўра уни саҳналаштирилган тарзда томоша қилишни афзал билишяпти. Бундан ота-оналар ҳурсанд, 1-2 соат бўлса-да жимгина ўтиргани улар учун маъқул-да. Устига устак вақт сарф этиб, эртак ўқиш, тугагач, болакайнинг кети кўринмайдиган турфа саволларига жавоб излаш ҳам шарт эмас. Ўзи кўриб, ўзи тушуниб ўтираверади.

Тўғри, фарзанди учун етарлича вақт ажратиб, унинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини синчков нигоҳидан қочирмайдиган ота-оналар ҳам орамизда талайгина. Аммо ғамхўрликнинг ўзи болаларни ёт ғоялар чангалидан сақлаб қолиш учун кифоя эмас.

Келинг, буни биргина мультфильм мисолида муҳокама қиламиз. Хориж телеканалларининг бирида “Симпсонлар” номли мультфильм намойиш этилади. Янглишмасам, бу “асар” болалар учун эмас, ҳар ҳолда экраннинг бурчагида бир кўриниш берадиган “16+” белгиси шундан дарак берса керак. Аммо болалар учун мўлжалланган телеканал орқали, мультфильм шаклида эфирга узатилаётган асарни болаларга “Бу кичкиналар учун эмас экан” деб кўринг-чи, керак бўлса сиз билан тортишади. Уни тушунса-ку бўлар, чунки у ҳали бола, бироқ мультфильмни ишлаб, эфирга бераётганлар наҳот бу ҳақида бироз фикр юритишмаса. Балки экран четидаги белги улар учун ҳимоя қалқони вазифасини ўтар, аммо ота-оналар фарзандим мультфильм кўряпти дея ўз ишлари билан машғул бўлаверса, болакай эса мультфильм сюжетидан мустаҳкам ўрин эгаллаган, кўрганда кўз уялувчи лавҳаларни томоша қилиб, эшитганда катталар ҳам ер чизиб қоладиган сўзларни эшитиб ўтираверса...



Биз тарихдан ғурурланиш, аждодларимиз номини ҳар ерда тилга олиб, “Ана шундай инсонларнинг авлодимиз” дея виқор билан сўзлашни бениҳоя хуш кўрамиз. Кичкинтойларга ҳам Навоий, Ибн Сино, Беруний, Бобур, Хоразмий каби алломалар авлоди эканлигини такрор-такрор уқтирамиз. Балки, кундалик юмушлардан бирозгина тин олиб, мультфильм-у ўйинларни бир четга суриб қўйиб, миттивойларга ана шу алломаларнинг ҳаёти ва ижодини қизиқарли тарзда, эртак шаклида сўзлаб бериш, ўзбек ҳалқ эртаклари билан яқиндан таништириш вақти етиб келгандир. Албатта, бунинг учун аввало ота-оналарнинг ўзи тарих билан яхши таниш, ўзбек эртакларининг ҳақиқий билимдони бўлиши керак. “Ўзимизнинг эртакларни жуда яхши биламан” деган ота-оналар уларни фақатгина номма-ном санашнинг ўзидаёқ ўнтага ҳам етказа олмасалар ажаб эмас. Ваҳоланки, ўзбек халқ эртакларининг сон-саноғи чегара билмайди.

Замон ўзгараяпти, ёшлар тизгинингдан чиқиб кетяпти дея барча айбни замонга тўнкашдан аввал дўппини ерга қўйиб, обдон мулоҳаза қилиб кўрайлик. Ана шу ёшларни болаликдан ким тарбия қилаяпти? Бизми? Унинг кўраётган мультфильмлари, ўқиётган китоблари, ўйнаётган ўйинлари, боринг-ки сўзлаётган гапларини тинглаб, кўриб, билиб туриб, бепарволик қилаётган ҳам ўзимиз эмасми? Тирикчилик, рўзғор ташвиши, уй юмушлари деб китоб ўқимай қўйган, фақатгина кўрган кўрсатувларимиз-у киноларимиз билан чекланиб қолган, бунинг натижасида болага ҳам керакли маълумотларни ажратиб бера олмаётган ҳам биз эмасмизми? Натижада, гапни икки қилиб, ҳар танбеҳга жавоб қайтараётган фарзандларга қараганда замонни айблаётган ҳам ўзимиз бўлиб қоляпмиз.

Яхшиямки, бизда уят, ор-номус, андиша деб ном олган, бир олам тиллога алишиб бўлмайдиган бебаҳо тушунчалар мавжуд. Ўзбек болалари ҳам ана шу тушунчалар таъсири остида вояга етишади. Ҳалқимизнинг тарихи кечагина пайдо бўлган эмас, унинг туб илдизлари буюк алломалар, санъат арбоблари, олим-у уламоларга бориб тақалади. Биз катталардан талаб этилаётгани эса болаларни тўғри йўлга йўналтириш, керакли маълумотни унинг қаршисига ҳавола этиб, кераксизларини кўздан нари қилиш, чет тиллари ва фан билан ошно тутиниши учун кўмак қўлини чўзиш, унинг асл наслини, ўзлигини танитишга ёрдам бериш вазифалари, холос, назаримда. Нима дейсиз, замондош?

Ойдин ИСМАТУЛЛАЕВА

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳушёр бўлинг! Фарзандингиз нималарни томоша қилаяпти?