11:12 / 15.12.2017
5 723

1600 нафар хорижлик Ўзбекистонга доимий яшаш учун келди

1600 нафар хорижлик Ўзбекистонга доимий яшаш учун келди
2017 йилнинг ортда қолган 9 ойи давомида хориж давлатларидан 1 минг 600 фуқаро Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келган. Расмий маълумотларга кўра, январь-сентябрь ойлари бўйича мамлакатимизда ўртача иш ҳақи миқдори 1 миллион 346 сўмни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,2 фоизга кўп. Шу кунларда юртимизда 5 минг 400 дан зиёд чет эл капитали иштирокидаги корхона фаолият кўрсатмоқда.

Халқаро пресс-клуб сессиясида ислоҳотлар самараси кўзгуси – рақамлар Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси Б.Бегалов, Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев ва бошқа статистика соҳаси мутасаддилари томонидан атрофлича шарҳланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ халқаро стандартлар асосида фаолият юритаётган Давлат статистика қўмитаси халқ эришаётган ютуқ ва камчиликларни рақамлар таҳлилида ҳавола этиб боради. Пировардида, мақсад ва вазифаларни шунга мос белгилаймиз.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро ташкилотларнинг 17 саволномаси доимий тўлдириб борилади. Жумладан, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар билан статистика соҳасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Маълумки, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда асосан статистик маълумотларга таянилади. Бу маълумотлар қанчалик равшан ва аниқ бўлса, мутахассислар иқтисодиётда мавжуд муаммоларни таҳлил қилиб, унинг ечимларини топади.

– 2017 йилда инфляция даражаси 13-14 фоиз бўлиши кутилмоқда. Унинг ўсиш сабаблари нималардан иборат? Биринчиси, бу – йиллар давомида нархларни либераллаштириш бўйича чора-тадбирларнинг ортга сурилиб келаётгани билан боғлиқ. Жорий йилда айрим товарлар ва хизматларга белгиланган нархларни либераллаштириш бўйича амалий ишлар қилинди. Иккинчиси, Халқаро валюта фонди услубига ўтишимиз ва ҳисоб-китоблар шу асосда амалга оширилиши ҳам инфляция даражасига таъсир кўрсатади.

Маълумки, жорий йилнинг 15 ноябридан ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархи либерализация қилинди. Бу жараёнда бензин нархи ошди. Бугунги кунда А-80 бензини нархи 3800 сўм, А-91 бензини нархи 4300 сўм этиб белгиланган.

Мутахассисларнинг фикрича, бир неча йиллар давомида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархи оширилмаган. Бу мамлакатдаги нефть-газ тизими корхоналарининг охирги йилларда зарар билан ишлашига сабаб бўлди. Натижада маҳсулотлар тақчиллиги юзага келди. Шу боис, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, хусусан, бензин нархининг ошиши нефть-газ корхоналарининг самарали ишлаши, мамлакатимизнинг барча ҳудудларини бензин билан таъминлаш, келгусида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархи янада ўсишининг олдини олиш имконини яратади.

Шу ўринда бензиннинг хорижий давлатлардаги ўртача нархларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Қозоғистонда 1 литр бензиннинг ўртача нархи 0,54, Беларусда 0,63, Россияда 0,69, Тожикистонда 0,75, Украинада 1,03, Туркияда 1,43, Германияда 1,61, Буюк Британияда 1,62, Италияда 1,83 АҚШ долларини ташкил этади. Ўзбекистонда эса айни пайтда 1 литр бензиннинг ўртача нархи 0,52 АҚШ долларига тенгдир.

ЎзАнинг хабарига кўра, мамлакатда бензин нархи ўртача 39 фоизга ошган. Ноябрь ойида умумий инфляция даражаси 2 фоизни ташкил этган бўлса, унинг 0,5 фоизи бензин нархи ошиши ҳисобига тўғри келмоқда.

Мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсишида энг кўп улуш Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда. Кейинги ўринларда Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари турса, Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятлари паст кўрсаткич билан қолмоқда. Таҳлилларга кўра, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиёт тармоқларидаги улуши ортган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 1600 нафар хорижлик Ўзбекистонга доимий яшаш учун келди