23:20 / 09.02.2018
4 461

Афандининг тарвузи ёки камчиликни нега яширамиз?

Афандининг тарвузи ёки камчиликни нега яширамиз?
Эшитгансиз, Афандининг уйига меҳмон келганда у хотинига “Тарвузлар орасидан битта энг яхшисини танлаб, сўй!” дейди. Хотини қай бирини сўйишни сўраб, битта тарвузни уч-тўрт марта қайта-қайта олиб келиб кўрсатади.

Буни биз тек тарвузни хирмон қилиб кўрсатган хотиннинг донолиги, деб баҳолаб келганмиз. У эрининг сўзини ерда қолдирмаслик, оиласини бадавлат кўрсатиш учун рол ўйнайди. Эри шоп мўйловини бураб, кўкрак керади.

Икки алдов бир ўлим, ўзгармасдир бу йўлим, дегандек бу хусусда минглаб латифалару ривоятлар, шеърлару ҳокоятлар мавжуд. Бугунга келиб камчиликни яшириб, ўзимизни кўз-кўз қилишни миллий қадрият даражасига чиқариб қўйдик.

Натижа эса ҳар биримизнинг ўзимизга аён: товуқ ҳимматли, тухум қимматли! Йўқни бор қилиб кўрсатиш давлат даражаси етганди. Эшитдингиз, “Саккиз фойиз” эртагидан, олтин кетган ер тагидан!

Бугун ҳам мамлакат раҳбари бир вилоятга борар экан, унинг сафар йўли бўйлаб янги дарахтлар экилади, асфалт ётқизилади, деворлар бўяб қўйилади… Мустақилликдан кейин урфга кирган бу одат ўзбекни кулгига қолдирганди. “Ўзбеклар президент келишидан олдин далада пахта оппоқ очилган қилиб кўрсатиш учун бўш чаноққа пахта тиқиб чиқишган” деб ёзишганди. Бугун бундай қилинмаса ҳам (у томонини яна Худо билади), қўшиб ёзишлардан беш-олти “калла” учиб етди. Аниғи шуки, бугун ҳам президент борадиган йўллар бўйлаб “ҳашар” бор.

Баъзилар, ҳа энди, бу халқимизнинг азалий одати, меҳмон келадиган бўлса, уй супурилади, бўялади, қуриган кўчатлар қирқиб ташланади, деб тўнни халқнинг устига ёпиб қўйишлари мумкин. Ҳамма нарсага балогардон халқ. Чунки халқ мавҳум тушунчага айланди, бечорага айланди, сўксанг ҳам, урсанг ҳам, айбласанг ҳам чидайди.

Одатларимиз гўзал — меҳмон баҳона анча ишни қилиб оламиз. Бунга гап йўқ. Лекин биз гапираётган гап — тарвузни кўрсатиб меҳмонни алдаш, бу — меҳмондўстликка кирмайди.
Вилоят ё туманга Президент келмоқда. У ҳақиқий аҳволни билмоқчи. Учи ерга кириб кетаётган тескари пирамидани ўнгламоқчи. Ҳоким эса, “мана шу жойлар хароба, мана бу йўллар ўнқир-чўнқир, аҳволимиз оғир, ёрдам қилиб юборинг, пирамидани биргалашиб ўнглаймиз” дейиш ўрнига ҳаммасини дўнглаб қўяди, кўчаларни докторларга супуртириб, дарахтларни муаллимларга бўятиб. Хўп, дўнглади-алдади. Олий меҳмон хурсанд бўлиб кетди. Нима бўлди?

Бу “ҳунар”нинг икки унари бор
Биринчиси, ҳоким “бюджетник”ларни мажбуран ишлатиб, кўзбўямачилик қилди. Халқ буни кўриб туради. Унинг ҳукуматга, ҳокимга, хусусан келган олиймақом раҳбарга ишончи сўнади. Демак, ҳоким халқ ва президент орасига раҳна солди. Замона охир бўлса, мурид пирни ёндирар, дейдилар-ку?!

Иккинчиси, Президент гулу гулзор ҳаётни кўра-кўра шунга ишониб қолиши мумкин. У ҳам одам. Марсдан келган эмас. Мамлакат ва миллат ҳақиқатдан ҳам гуллаб кетди, дея чорак аср оёқни анҳорга солиб ўтириши ҳам мумкин. Демак, алдови билан ҳоким бутун миллат ва мамлакатга ёмонликни раво кўрди. Боши йўқнинг оши йўқ, дегани мана шу.

Бу ҳолатни ҳокимлар билсалар ҳам билмасликка олсинлар. Халқ сайламаган-халқни сийламас! Лекин маҳаллий журналистлар-чи? Улар ҳақиқатни биладилар-ку? Нега ёзмайдилар, кўрсатмайдилар? Ёзадилар, кўрсатадилар — гулу гулзорни, меҳмоннинг пойига тўшалган пойондозларни. Наҳотки журналистлар халқни ўйламасликка ўрганиб бўлдилар? Ахир уларнинг ўзлари ҳам шу халқнинг бир парчаси-ку? Инсон ўзини ўзи унутиши мумкинми? Қалампирни аччиқ деган тил кесиладиган замонмас-ку?! Ҳар ҳолда уларнинг ўзлари бу гапни айтмоқдалар!

Шундай экан, ташаббусни ёш журналистлар қўлга олиб, Афандининг тарвузи аслида битталигини ёзишларини истардим.
Жаҳонгир Муҳаммад

Манба: fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Афандининг тарвузи ёки камчиликни нега яширамиз?